Пилла етиштириш мавсуми маромида бормоқда
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган амалий семинар нафақат мавсумий тадбир, балки мамлакатимизда пиллачиликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган тизимли ислоҳотлар ифодаси бўлди. Унда янгиланиш руҳи, меҳнат завқи ва ислоҳотлар нафаси уйғунлашиб, ҳар бир иштирокчини янги марралар сари илҳомлантирди.
Республика Фермерлар кенгаши ишчи гуруҳи раҳбари Хурсаной Низомиддинова бошчилигида ташкил этилган ушбу учрашувда аёл фермерлар ва пилла парвариши билан шуғулланаётган фуқаролар иштирок этиб, соҳадаги долзарб вазифалар юзасидан фикр алмашди, амалий тавсиялар берилди.
Семинарда таъкидланганидек, бугун пиллачилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида изчил давом эттирилмоқда. Мазкур ҳужжат соҳада кластер тизимини жорий этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш каби муҳим йўналишларни белгилаб бергани билан аҳамиятлидир.

Жорий мавсумда Жиззах вилояти пиллакорлари зиммасига минг тонналаб қимматбаҳо хом ашё — кумуш тола етиштириш вазифаси юклатилган бўлиб, Шароф Рашидов тумани ҳам бу борада муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда. Бу юксак ишонч айни пайтда катта масъулият демакдир.
Дарҳақиқат, туманда пиллачилик мавсуми юқори уюшқоқлик ва масъулият билан олиб борилмоқда. Ипак қуртлари марказлашган қуртхоналарда ҳам, аҳоли хонадонларида ҳам агротехник талабларга қатъий риоя этилган ҳолда парвариш қилинмоқда. Бу эса сифат ва самарадорликнинг мустаҳкам пойдеворига айланмоқда.
Хусусан, Янгиобод маҳалласида 120 қути ипак қурти қабул қилиниб, уларнинг 40 қутиси замонавий пиллахоналарга, 80 қутиси эса хонадонларга жойлаштирилди. Бундай оқилона тақсимот меҳнатни тўғри ташкил этиш, ҳар бир иштирокчининг масъулиятини ошириш ва, энг муҳими, маҳсулдорликни юксалтиришга хизмат қилмоқда.

— Пиллачиликда жиззахлик аёллар республикага ўрнак бўларли ишларни амалга оширмоқда, — дейди Республика Фермерлар кенгаши ишчи гуруҳи раҳбари Хурсаной Низомиддинова. — Улар нафақат ўз оиласи даромадини оширяпти, балки бутун тармоқ ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Айниқса, уй шароитида пилла парвариши орқали аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини оширишда эришилаётган натижалар таҳсинга сазовор. Бу тажриба, шубҳасиз, республика бўйлаб кенг ёйилиши лозим.
Бугун пиллакорлар қалбида бир мақсад — юксак натижага эришиш, меҳнати самарасини кўриш иштиёқи жўш урмоқда. Улар ҳар бир ипак толасида ўз меҳнати, сабри ва умидини мужассам этаётгандек. Шу боис мавсумни пухта ва самарали ташкил этиш нафақат иқтисодий манфаат, балки ижтимоий барқарорлик, аҳоли бандлиги ва фаровонлиги учун ҳам муҳим омилга айланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Янгиободдаги бугунги саъй-ҳаракатлар юртимизда пиллачиликни янада ривожлантириш, уни экспортбоп ва рақобатбардош тармоққа айлантириш йўлидаги ишончли қадамлардир. Меҳнат ва ислоҳот уйғунлиги эса, шубҳасиз, баракали натижаларни таъминлайди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА