Пахтаободдаги бунёдкорликлар ижодкорлар нигоҳида
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами олдидан Пахтаобод туманида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида туман ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими ҳамкорлигида пресс-тур ташкил этилди.
Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари ва блогерлар иштирок этди. Пахтаобод туманида бўлаётган ўзгаришлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Кейинги бир неча йил ичида туманнинг, айниқса, марказнинг аввалги кўриниши бутунлай ўзгарди. Кўплаб янги савдо, хизмат кўрсатиш шохобчалари, турар-жой бинолари, кенг ва равон йўллар, хиёбонлар бунёд этилди.
– Бугунги кунда Пахтаобод туманидаги мавжуд 68 та маҳаллада 240 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Фарҳоджон Ҳожиматов. – Юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби туманимизда ҳам ободлик, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрам санасини ўзига хос ютуқлар билан кутиб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Пресс-тур қатнашчилари дастлаб, туманнинг чекка ҳудудларидан Қашқар маҳалласида жойлашган 2-умумтаълим мактабида олиб борилаётган реконструкция ишлари ҳамда 450 ўринга мўлжалланган янги бино қурилиши жараёни билан яқиндан танишди.
– Мактабимизда ҳозирда 1 минг 300 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади, – дейди 2-умумтаълим мактаби директори Баҳромжон Тоҳиров. – Умумий қиймати 15 миллиард 576 миллион сўмга тенг лойиҳа доирасида носоз ҳолатга келиб қолган мактабнинг асосий ўқув биноси реконструкция қилинмоқда. Қўшимча 450 ўринли янги бино барпо этилмоқда.
Қурилиш ва реконструкция ишлари “Илғор Сан тех” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан сифатли ва белгиланган муддатларда олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган ушбу ишлар натижасида ўқувчи ва ўқитувчилар учун барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилади. Энг асосийси, ўқувчилар бир сменада таҳсил олиш имконига эга бўлади.
Пресс-тур қатнашчилари Терактаги маҳалласида ҳам бўлди. Маҳалланинг Камолот, Муқанна кўчаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, йўллар асфалтланади, ёритиш чироқлари, замонавий ўриндиқ ҳамда чиқинди қутилари ўрнатилади. Йўл бўйларида замонавий хизмат кўрсатиш шохобчалари, маҳалла гузари ташкил этилади.
[gallery-30802]
Шунингдек, туманда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида ҳам муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда. Хусусан, умумий қиймати 28 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида туманнинг Зокиржон Ҳабибий, Нодирабегим, Гулистон-Пастқишлоқ маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи 60В-127 автомобиль йўлининг 4,7 километр қисмида тўрт тасмали қилиб қайта қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида йўл четларига замонавий тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш, пиёдалар ва велосипед учун йўлаклар, “Яшил ҳудуд”лар барпо этиш кўзда тутилган. Лойиҳа амалга оширилиши билан туманда транспортларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракати учун қулайлик, пиёдалар ҳамда велосипедчилар учун замонавий инфратузилма яратилади.
Тумандаги Нодирабегим маҳалласида “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги маҳалла концепцияси асосида ҳудуд инфратузилмасини модернизация қилиш, маҳаллани замонавий қиёфага келтириш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитлари яратишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
“Йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси ҳамда “Олтин атиргул” қурилиш ташкилоти томонидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ҳудуднинг йўл ва бошқа инфратузилмасини яхшилаш, жамоат жойларини тартибга келтириш, маҳалланинг меъморий қиёфасини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, мазкур маҳаллада “Эко бозор” – янги савдо мажмуаси ҳам ташкил этилмоқда. “Само” МЧЖ томонидан қарийб 4,5 гектар майдонда барпо этиладиган эко бозор савдо ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш, тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Туманда замонавий уй-жойлар қуриш, янги турар жой массивларини барпо этиш борасида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу кунларда тумандаги Маърифат маҳалласида хитойлик инвесторлар томонидан замонавий уй-жойлар қурилиши қизғин олиб борилмоқда.
Қиймати 15 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида 1,95 гектар майдонда 10 та замонавий кўп қаватли уй барпо этилмоқда. Қурилиш ишларини Хитойнинг “YUAN TONG MEGA CONSTRUCTION” компанияси мутахассислари амалга оширмоқда. Мазкур инвестицион лойиҳа туманда замонавий уй-жой фондини кенгайтириш, аҳолининг турар жойга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда ҳудуднинг шаҳарсозлик қиёфасини янгилашга хизмат қилади.
Шунингдек, пресс-тур қатнашчилари туманнинг Шомат маҳалласидаги 18-сон кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти биносидаги реконструкция ишлари билан ҳам танишди.
Қиймати 6 миллиард 150 миллион сўм бўлган лойиҳа доирасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари “Зубайр люкс” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан олиб борилмоқда. Бино таъмирланиши билан ташкилотда таълим-тарбия жараёни учун зарур шарт-шароитлар яратилади.
Пресс-тур доирасида кўриб ўтилган лойиҳалар, туманда олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, пахтаободликларнинг яшаш шароитларини яхшилашга, туман қиёфасини замонавий кўринишга келтиришга хизмат қилади.
Пресс-тур давомида журналистлар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.