“Пахтакор Кидс” футбол жамоаси ёшлар билан учрашди
Юксак натижаларга элтувчи энг муҳим омиллардан бири бу шубҳасиз иштиёқдир. Бунда илҳомлантириш эса катта аҳамият касб этади. Зеро, педагогикада ҳам бу ўз исботини топган.
Шу мақсадда, Яккасарой туманидаги 1-сон спорт мактабида “Пахтакор Кидс” футбол жамоаси вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенова, жамоа мутахассислари ҳамда тумандаги маҳаллалардан жалб этилган 6 ёшдан 13 ёшгача бўлган иқтидорли ёш футболчилар қатнашди.

Учрашув давомида болажонлар учун қизиқарли мулоқот ташкил этилиб, уларга футбол сир-асрорлари, спорт интизоми ва соғлом турмуш тарзининг аҳамияти ҳақида фойдали тавсиялар берилди. Айниқса, ёш футболчиларнинг саволларига берилган самимий жавоблар уларни янада руҳлантирди.

Тадбир якунида “Пахтакор Кидс” жамоаси томонидан кичик футболчиларга эсдалик совғалари топширилди. Бу эса болалар учун унутилмас таассурот қолдирди ва уларни катта спорт сари дадил қадам ташлашга илҳомлантирди.

Бундай учрашувлар орқали ёшларга улкан марраларга элтувчи йўл харитаси чизиб берилади. Бу эса ўзининг ижобий самарасини бермай қолмайди.
Шербек Исломов,
ЎзА