Паррандачилик — етти хазинанинг бири
Бу ҳикматли гап халқники. Зеро, паррандачилик азалдан хонадон баракасини оширувчи, оилани сифатли озиқ-овқат билан таъминловчи муҳим соҳа сифатида қадрланиб келинган. Бугунги кунда ҳам бу йўналиш нафақат қишлоқ жойларда, балки чекка ҳудудларда ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаини кенгайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги йилларда Бухоро вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири – Туркманистон Республикаси билан чегарадош Олот туманида ҳам паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ерда кўплаб хонадонлар тухум ва гўшт йўналишида парранда парваришлаб, нафақат ўз эҳтиёжини қондирмоқда, балки бозорга ҳам сифатли маҳсулот етказиб бермоқда.

Ана шундай намунавий хонадонлардан бири “Оқ олтин” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ўриновлар оиласидир. Ушбу хонадонда бугунги кунда 1000 бош жўжа парваришланмоқда. Жумладан, 500 дона “Қора шаҳзода” зотли жўжалар тухум йўналишида, яна 500 дона “Сенди оқ” жўжалар эса гўшт етиштириш мақсадида боқилмоқда.

Эътиборлиси шундаки, паррандалар атиги 2 сотих ер майдонида парвариш қилинмоқда. Шунга қарамасдан, уларни кўпайтириш ва парваришлаш учун барча зарур шарт-шароит яратилган. Замонавий парвариш усуллари, озуқа таъминоти ва ветеринария хизматларига қатъий риоя қилинаётгани эса юқори самарадорликка эришиш имконини бермоқда. Етиштирилаётган маҳсулотлар нафақат оила эҳтиёжи учун, балки туман бозорларига ҳам мунтазам етказиб берилаётгани аҳамиятлидир.

Хонадон раҳбари Сардор Ўринов бу борада ўз тажрибаси билан ўртоқлашар экан, шундай дейди: — Паррандачилик, аввало меҳнат ва сабрни талаб қилади. Жўжаларни парвариш қилишда энг муҳим жиҳат уларнинг соғлом ўсишини таъминлашдир. Бунинг учун жўжалар ўз вақтида эмланиши, ветеринария назоратидан ўтиши, зарур дори воситалари билан таъминланиши шарт. Шу билан бирга, сифатли ва мувозанатли озуқа бериш ҳам катта аҳамиятга эга. Агар паррандага тўғри қаралса, у албатта ўз самарасини беради.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда паррандачилик кичик ҳажмда бошланиб, кейинчалик кенгайтириш мумкин бўлган сердаромад соҳалардан бири ҳисобланади. Шу боис, у ёшларга ва ишсиз аҳоли қатламига ушбу йўналиш билан шуғулланишни тавсия этади.
Маълумотларга кўра, жорий йилда ушбу хонадон 1000 бош парранда ҳисобидан қарийб 80 миллион сўм даромад олишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, тухум йўналишида яна 500 бош парранда парвариш қилинаётгани келгусида даромад ҳажмини янада ошириш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўриновлар оиласи тажрибаси шуни кўрсатадики, тўғри ташкил этилган паррандачилик фаолияти орқали кичик майдонда ҳам катта натижаларга эришиш мумкин. Энг муҳими, бундай ташаббускор ва меҳнатсевар хонадонлар бошқалар учун ҳам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири