Парламент комиссияси чўлланишга қарши курашишдек долзарб масалага эътибор қаратди
Барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Парламент комиссиясининг ҳамраиси, Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда барқарор ривожланиш соҳасидаги 15-миллий мақсад доирасида ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг емирилиши ва биохилма-хилликнинг йўқолишини тўхтатиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Ўтган йилда республикада экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида 220 минг гектар майдонда, асосан чўл ҳудудларида дарахтзорлар яратилди.

Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида денгизнинг қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида 253 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилган.
Чўл, тоғолди ҳудудларида эрозияни ва ерларнинг деградацияга учрашининг олдини олиш мақсадида 2,9 минг гектардан ортиқ майдонда ҳимоя ўрмонзорлари, 134 шаҳар ва тумандаги 347 гектар майдонда “яшил боғлар” барпо этилди.
Мажлисда Сурхондарё вилоятида ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, чўлланиш ва ер емирилишига қарши курашиш ҳамда биохилма-хилликни сақлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Вилоятдаги давлат ўрмон хўжаликларида ўрмон билан қопланган майдон қарийб 2,8 минг гектарга кенгайтирилгани қайд этилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2022 - 2025 йилларда ўрмон хўжаликларидаги кўчатхона ва ниҳолхоналарда 39 миллиондан зиёд кўчат ва ниҳол етиштирилган. Каттақум массивидаги қумликларда 4 минг 218 гектар ер майдонига саксовул ва черкез ниҳоллари уруғи сепилган.

Шу даврда 4 минг 811 км очиқ ва 701 ёпиқ коллектор тармоқлари, 141 гидротехник иншоот, 770 кузатув қудуғи таъмирланган, 17 гидротехник иншоот ва 60 кузатув қудуғи қайта қурилган.
Мазкур тадбирлар натижасида ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, вилоят бўйича шўрланган майдонлар 93,8 минг гектардан 90,1 минг гектаргача камайтирилган. Бу эрозия ва деградациянинг олдини олишга сезиларли таъсир кўрсатган.
Шу билан бирга, мажлисда тизимли муаммолар мавжудлиги ҳам қайд этилди. Жумладан, мелиорация объектлари ва қишлоқ хўжалиги ерларини шамол ҳамда сув эрозиясидан ҳимоя қилиш мақсадида иҳота дарахтзорлари барпо этиш ишларини жадаллаштириш, генетик ресурслардан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Мажлис якунида Парламент комиссиясининг тегишли қарори, республика ҳамда Сурхондарё вилоятида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси (“йўл харитаси”) қабул қилинди.
Мутасадди вазирлик ва идоралар зиммасига уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан зарур вазифалар юклатилди.
Н.Абдураимова, ЎзА