“Ўзсувтаъминот” АЖдан хайрли ташаббус
“Ўзсувтаъминот” АЖ вакиллари томонидан Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази негизида ташкил этилган “Меҳрли мактаб”да таълим олаётган болалар ҳолидан хабар олиб, улар иштирокида “Сувни асраш – барчамизнинг инсоний бурчимиз” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Ушбу таълим муассасаси Ўзбекистондаги илк госпитал мактаб бўлиб, бу ерда узоқ муддат давомида даволанаётган ҳамда мактаб ёки боғчага бориш имкониятига эга бўлмаган болалар таълим олади.


Давра суҳбати давомида ўқувчиларга сувнинг инсон ҳаётидаги ўрни, сувни тозалаш босқичлари ва сув билан боғлиқ қизиқарли фактлар тўғрисида маълумот берилди. “Ўзсувтаъминот” АЖ лаборатория ходимлари томонидан болажонларга сувни зарарсизлантириш, унинг қаттиқлигини текшириш жараёнлари кўргазмали тарзда кўрсатиб берилди. Шундан сўнг, “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан тайёрланган “Томчивойнинг саргузаштлари” номли анимацион мультфильм ҳамда ўзбек ва рус тилларида чоп эттирилган “Томчивой” болалар журналининг тақдимоти ўтказилди.

Тадбир якунида болаларга зарур ўқув анжомлари ва журналлар совға қилинди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА