“Ўзмиллийбанк” АЖ: Фарғона вилояти бўйлаб пресс-тур ташкил этди
Айни пайтда Фарғона вилоятида хизматлар соҳаси иқтисодиёт ривожида салмоқли ўринга эга бўлиб, ўтган йил якунида хизмат кўрсатиш корхоналари сони 25,7 мингтага етди. Биргина 2024 йилнинг ўзида хизмат кўрсатиш соҳасида 4,5 мингга яқин янги тадбиркорлик субъектлари иш бошлагани вилоятда ушбу тармоқ нечоғли жадал ривожланаётганидан далолат беради. Ўтган йили вилоятда хизматлар соҳасида қарийб 187 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди.
2025-2029 йилларда вилоят иқтисодиёти драйвери – хизмат кўрсатиш соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини икки баробарга ошириш кўзда тутилган. Вилоятни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида биргина жорий йилнинг ўзида 220 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда. “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш натижасида вилоятда камбағаллик даражасини 2025 йили – 5 фоиз, 2029 йили эса 2,4 фоизга тушириш мақсад қилинган.
Қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳити яратиш, кичик бизнес қўллаб-қувватлаш, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси фаолиятини рағбатлантириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни ҳаёга татбиқ этишда банкларнинг молиявий кўмаги муҳим аҳамиятга эга. Зеро, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида банклар тадбиркорнинг энг ишончли ҳамкори сифатида намоён бўлаётгани эътиборга сазовордир.
Банкнинг молиявий кўмаги билан ҳудудларда ўз бизнес-лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорлар фаолияти, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги эзгу ташаббуслар ижроси билан танишиш мақсадида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятининг Матбуот хизмати томонидан ОАВ вакиллари иштирокида Фарғона вилоятига пресс-тур ташкил этилди.
Айтиш ўринли, сўнгги йилларда Ўзмиллийбанк Фарғона вилоятида нафақат хизмат кўрсатиш ва сервис тармоқларини фаол қўллаб-қувватлаш, балки ишлаб чиқариш, саноатни ривожлантиришда ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, пресс-тур иштирокчиларининг дастлабки манзили бўлган Ёзёвон туманидаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган “AGROLID” МЧЖ фаолиятини кенгайтиришда банк кўмагидан фойдаланди. Умумий қиймати 4 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида банкдан 3 миллиард сўмга яқин кредит ажратилиб, хориждан замонавий технологиялар олиб келиб ўрнатилди ва 120 доимий иш ўрни яратилди.
—Ёзёвон туманидаги “Ишга марҳамат” мономаркази орқали 50 нафарга яқин ижтимоий дафтарлар рўйхатида турган хотин-қизларни ўқитиб, “Устоз-шогирд” анъанаси асосида иш юритяпмиз,—дейди корхона раҳбари Феруза Мамасодиқова.—Ҳар ойда ўртача 65-70 минг дона болалар, аёллар кийим-кечаклари ишлаб чиқарилиб, МДҲ давлатлари, Польшага экспорт қилинмоқда. Бу йил халқаро савдо кўргазмаларида қатнашиб, янги ҳамкорлик келишувларига эришиш ва экспорт географиясини кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
Фарғона вилоятида сўнгги йилларда давлат тиббиёт муассасалари билан бирга хусусий тармоқ ҳам жадал ривожланиб, ҳудудларда муҳташам клиникалар қад ростлаяпти.Ўз навбатида барча қулайликлар ва замонавий шароитлар муҳайё этилган бундай шифо масканларида кўплаб турдаги тиббий хизматлар йўлга қўйилиб, аввал вилоят маркази ёки пойтахтда, хорижда бажарилган мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳар бир ҳудуднинг ўзида бажариляпти. Натижада тиббиёт туризми кенг ривожланиб, қўшни вилоятлар, Марказий Осиё давлатларидан даволанишга келаётганлар сони йилдан йилга ортиб бораётир.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида вилоятнинг олис ва чекка ҳудудлари сирасига кирувчи Ёзёвон туманида фаолият бошлаган “DOCTOR XOLIQOV” хусусий клиникаси Ўзмиллийбанк кредити эвазига энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бир пайтнинг ўзида 65 нафар беморни қабул қила оладиган муассасада интенсив технологиялар ёрдамида 15 турдан ортиқ тиббий хизматлар кўрсатиляпти. Клиника шифокорлари Германия, Голландия давлатида малака ошириб келди.
—Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард 180 миллион сўмни ташкил этади,—дейди муассаса раҳбари Шукрулло Турғунбоев.—Банк томонидан ажратилган 1 миллиард 500 миллион сўм миқдоридаги кредит эвазига тиббиёт маркази замонавий жиҳозлар билан таъминланди. 35 та иш ўрни яратилиб,
лаборатория, УЗИ-диагностика, тез ва сифатли ташхис қўйиш, даволаш ишлари йўлга қўйилди. Бугунги кунда клиникада буйрак, жигар кўчириб ўтказиш, кардиология соҳасида мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш бўйича амалий саъй-ҳаракатларга киришилган.
Ўзмиллийбанкнинг Матбуот хизмати томонидан ташкил этилган Пресс-турнинг илк куни шу сингари истиқболли лойиҳалар жараёни билан танишувдан иборат бўлди. Жараён эртага ҳам давом этади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати
Муқимжон Қодиров суратлари