“Ўзмиллийбанк” АЖ: аёлга эҳтиром азалий қадрият
Қадим ўтмиш битикларидан маълумки, Шарқда аёл зотига бўлган эътибор ва ҳурмат миллатга хос қадрият саналган. Аёлнинг жисмонан нозиклиги ва ожизлиги учун эмас, аксинча, унинг оиладаги беқиёс ўрни, келажак авлод тарбиясидаги аҳамияти ва хонадон мустаҳкамлигидаги ролининг юксак эканлиги назарда тутилган. Шу боис улар гўзаллик ҳамда нафосат тимсоли, авлодлар давомийлигини таъминловчи мўъжизавий хилқат сифатида шоирлар ашъори, мусаввирлар суратлари, ҳайкалтарошлар ижоди, заргарлар зийнатининг бош сарлавҳаси бўлиб келган. Бу асрий анъанавий мерос асрлар ўтиб ҳамки, замонавий жамиятимизда янада сайқал топиб давом этмоқда. Аёлга эҳтиром, наинки, оилада, жамиятда ҳам тобора юксалиб, унинг бор маҳорати, билим, тажрибаси, салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда фаолиятини қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “Аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака албатта барқарор бўлади.”
“Ўзмиллийбанк” АЖ ҳам умрбоқий қадриятларга ҳар доим содиқ бўлиб келган. Бугунги кунда мазкур Банк тизимида республика бўйича жами 6000 нафардан ортиқ ходимлар фаолият юритса, 2700 дан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Шундан раҳбар аёллар сони 135 нафар бўлса, 2500 нафардан ортиғи мутахассис ходимлардан иборат.
Бугун эркаклар билан бир сафда банк тизимидаги барча йўналишларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ташкилотимизнинг янги трансформация жараёнларида ҳам фаол ҳамда ташаббускордирлар. Уларда касбга бўлган фидойилик, масъулият, садоқат ҳисси айнан шу ислоҳотлар давомида янада яққолроқ намоён бўлади.
Таъкидлаш жоиз, банк соҳасида аксарият мижозлар билан мулоқот-муносабатда мутахассис хотин-қизларнинг алоҳида ўрни бор. Боиси уларнинг ҳар бир мижозни хушмуомала билан илиқ қарши олиши ҳамда банк хизматларини беминнат тақдим этиши аксарият ҳамкорларимизда ташкилотимиз номи ва мавқейига муносиб равишда ишончини мустаҳкамлайди. Энг асосийси, устоз-шогирд анъанаси асосида фаолият олиб борадиган жамоамизда соҳада ўз ўрнига эга бўлган салоҳиятли ҳамда ҳамкасблар ҳурматига сазовор хотин-қизларимиз тажрибаси ёш мутахассислар учун зарур қўлланма бўлиб келган.
Муҳими, мазкур хотин-қизларимиз ишда масъулиятли ходим бўлишдан ташқари, оилада ҳам ўз ўрнига эга. Севимли ёр, меҳрибон она, оқибатли фарзанд, куйинчак опа-сингил ва ҳоказо буни узоқ давом эттириш мумкин. Ҳар бир ишда фаол ва эпчилликлари, замон билан ҳамнафас ҳамда ҳамқадам эканликлари билан таҳсинга сазовордирлар.
Бинобарин, ҳар бир касбда бўлгани каби банкирлик касбининг ҳам ўзига хос машаққати, завқи бор. Бу жамоада айнан шу касбни чинакамига севган ва уни ардоқлаган инсонлар фаолият олиб боради. Гоҳида мижозларнинг эътирози, уларнинг асоссиз билдириладиган шикоятлари кўнгилларини қанчалик хира қилмасин, соҳадаги этикет талабларига бўйсунган ҳолда, уларга табассумли чеҳра, мамнун кўриниш билан жавоб қилишга тўғри келади. Аммо бу тизимдаги ҳеч бир хотин-қизларнинг сафимизни тарк этишига сабаб бўлган эмас. Чунки аксарият мижоз ва ҳамкорларимизнинг миннатдорлик изҳорлари, бизнинг банк хизматларини танлаётган юртдошларимизнинг қарори доимо соҳамизга бўлган иштиёқимизни ошириб келган. Асосийси, Банкимизнинг раҳбар кадрлар тизимида хотин-қизларнинг ўрни ошиб бораётгани кўпчилик малакали ҳамда билимли ёшларга мотивация бўлаётир.
Бинобарин, банк тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизларимиз ҳар доим эътибор ва эҳтиромда. Уларнинг фидойи меҳнатлари доимо раҳбарият томонидан қадрланиб, юқори баҳоланган. Бу эса жамоамизда аждодлар қадриятлари бардавом, миллат келажагига эътибор юксак эканлигидан далолат беради.
Фикрларимиз мухтасарида, баҳор фаслининг энг шукуҳли айёми 8-март халқаро хотин-қизлар байрами билан барча опа-сингилларимизни, банкимизда фаолият олиб бораётган дилбар, зебо, латофатли, ақл-заковатли ҳамда нафосатли ҳамкасбларимизни табриклаймиз. Оилангизга фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик тилаймиз. Зеро, аёл кулгуси жаранглаган уйда бахт тантана қилади. Ана шу саодат ҳар бир хонадонда абадий яшасин!
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати