Озиқ-овқат хавфсизлиги: қўмита раисига парламент сўрови юборилди
Аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масалалари қишлоқ хўжалиги экинларини зарарли организмлар ва касалликлардан ҳимоя қилиш, ўсимликлар карантини тизимини такомиллаштириш билан бевосита боғлиқ.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида кимёвий воситалардан фойдаланиш кўламининг кенгайиши ўсимликлар карантини объектларининг мамлакатимиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, пестицидлар қолдиқларининг озиқ-овқат маҳсулотларида белгиланган меъёрлардан ошиб кетишига йўл қўймасликни талаб этади. Қолаверса, экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг халқаро фитосанитария талабларига мувофиқлигини таъминлаш борасида тизимли чоралар кўришни тақозо этмоқда.
Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси ва ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилганда, бу борада бир қатор масалалар аниқланди. Жумладан, хавфли карантин объектларининг республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, уларни ўз вақтида аниқлаш, тарқалиш ўчоқларини тезкор бартараф этиш ҳамда чегара масканлари, халқаро аэропортлар, темир йўл ва автомобиль транспорти орқали олиб кирилаётган ўсимлик маҳсулотлари устидан самарали фитосанитария назоратини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур жараёнда замонавий диагностика усулларидан фойдаланиш, ҳудудлар кесимида хавф таҳлилини юритиш ва карантин объектлари тарқалишининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларнинг натижадорлигини ошириш лозим.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида шулардан келиб чиқиб, карантин объектларининг республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, чегара ва транспорт объектларида фитосанитария назоратини ташкил этиш, экспортга йўналтирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро фитосанитария ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигини таъминлаш, экспортолди назоратини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси А.Уруновга парламент сўрови юборилди.
М.Комилова,
ЎзА