Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнини ўғри тутма
Ўзгалар ҳисобидаги маблағни ноқонуний ўзлаштиришда айбланган, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи Баракасиз Маракасизқуловга (мақоладаги персонажларнинг исми-шарифи ўзгартирилди) нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Жиззах вилояти ИИБга Зафаробод туманида яшовчи 27 ёшли Камтарқул Беғамов ариза билан мурожаат қилган. Аризада баён қилинишича унга тегишли банк картасидан 3 миллион сўм пулни номаълум шахс ечиб олганлиги ва унга тегишли маблағни қайтариб беришда амалий ёрдам сўраган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни 27 ёшли Баракасиз Маракасизқулов содир этганлиги аниқланди. У Камтарқул Беғамовга тегишли бўлган мобил қурилмани сотиб олиб, ушбу уяли телефонга “Click Evolution“ иловасини ўрнатганида фуқаро Камтарқул Беғамовга тегишли банк пластик картаси уланган ҳолатда қолиб кетганлигидан фойдаланиб, ҳисобидаги пулларни ўзлаштириб олганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисм “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА