Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институтида академик Обид Содиқов таваллудининг 110 йиллигига бағишланган “Биоорганик кимёни ривожлантиришнинг долзарб муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда 50 дан ортиқ, жумладан, Россия Федерация Фанлар академиясининг 5 нафар академиги, Хитой Фанлар академияси, Жанубий Корея ва бошқа хорижий илмий ташкилотларнинг олимлари иштирок этди. Анжуманда биоорганик кимё фанининг муҳим жиҳатлари, янгиликлари, илмий тадқиқот ва лойиҳаларни амалга ошириш борасида қилинаётган ишларга бағишланган маърузалар тингланди.

Маълумки, 1973 йили Республика Фанлар академияси таркибида Биоорганик кимё бўлими тузилиб, унинг асосида 1977 йилда Фанлар академияси Биоорганик кимё институти ташкил этилди. Институтнинг асосчиси, дастлабки раҳбари Ўрта Осиёда биоорганик кимё йўналишининг ривожланишига катта ҳисса қўшган олим, академик Обид Содиқов эди. О.Содиқов шу тариқа кимёда ўзига хос мактаб яратган.
Тадбирда олимнинг изланишларини давом эттираётган шогирдлари, дўстлари уни ёдга олди. Бугунги кунда соҳада олиб борилаётган ишлар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Академик О.Содиқов буюк фан ва жамоат арбоби, биоорганик кимё соҳасининг асосчиси ҳисобланади, – деди Биоорганик кимё институти етакчи илмий ходими, кимё фанлари доктори, профессор Нодира Абдуллажонова. –У институтга раҳбарлик қилган даврлардаёқ институтнинг асосий илмий йўналишлари – ҳайвон ва ўсимликда ҳосил бўладиган физиологик фаол бирикмаларнинг тузилмаси ва вазифасини аниқлаш, уларнинг ҳаракатдаги молекула механизмларини тушунтириб бериш, халқ хўжалигининг турли соҳалари учун препаратлар яратишдан иборат бўлган.

Институтда 1990 йилларнинг бошига қадар янги дори-дармон воситаларини топиш мақсадида пиридин, хинолизидин алкалоидлари ва уларнинг ҳосилалари асосида 1000 дан зиёд янги бирикмалар синтез қилинди. Бугун ҳам институт олимлари томонидан ушбу тадқиқотлар давом эттирилмоқда. Бундан ташқари Фанлар академияси Биоорганик кимё институти олимлари томонидан ғўзанинг олдиндан белгиланган хусусиятли биотехнологик янги турлари ва навларини яратиш ва бошқа қатор масалалари ирсият ва тўқима муҳандислиги услублари асосида ҳал этилган. Ғўзанинг кимёвий жиҳатдан комплекс тадқиқотлари учун академик Обид Содиқов Д.И.Менделеев номидаги олтин медалга сазовор бўлган.
Шунингдек, анжуман давомида хорижлик мутахассислар билан биоорганик кимё соҳасида қилиниши зарур бўлган ишлар юзасидан тажриба алмашилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА.