“Ўзбекнефтгаз” ва "CNPC" технологик ҳамкорликни мустаҳкамлайди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Хитойнинг "CNPC" корпорацияси нефть-газ саноатидаги ҳамкорликни янги йўналишларда ривожлантиришни режалаштирмоқда. Бу масалалар “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ҳамда CNPC президенти Чжоу Синхуай бошчилигидаги делегация учрашувида муҳокама қилинди.
Мулоқотда қидирув-қазиш ишларини такомиллаштириш, конларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқаришга илғор технологияларни татбиқ этишга устувор аҳамият берилди. Шунингдек, рақамли ечимлар, сейсмик тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда замонавий ускуналар билан таъминлаш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. “CNPC” га қарашли бир қатор компаниялар билан амалга оширилаётган ишлар соҳанинг техник имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Учрашувда “M-25” конида юзага келган авария оқибатларини бартараф этиш масалаларига ҳам урғу берилди.Мавжуд вазиятни ҳал қилиш доирасида қутқарув қудуқларини бурғилаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Томонлар мамлакат ички бозорини ёқилғи маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш масаласига ҳам тўхталди. Бунда етказиб бериш манбаларини кўпайтириш, узоқ муддатли таъминот механизмларини шакллантириш ва ҳамкор компаниялар фаолиятини мувофиқлаштириш муҳим вазифалар сифатида белгиланди.
Ҳамкорликни самарали ташкил этиш мақсадида Тошкентда CNPCнинг доимий ваколатхонасини очиш ва қўшма лойиҳаларни бошқариш учун зарур маъмурий инфратузилмани шакллантириш бўйича таклифлар ҳам илгари сурилди. Шу билан бирга, ижтимоий ташаббусларни ривожлантириш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади.
Соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга муҳандис-техник мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда тармоқнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашув якунида томонлар технологик шерикликни кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни илгари суриш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни амалий натижалар билан мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА