“Ўзбекнефтгаз” тизимида танқидий йиғилиш: масъулларга қатъий чоралар кўрилди
Нефть-газ соҳасида самарадорликни ошириш, инвестицияларни тўғри йўналтириш ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини барқарор таъминлаш бугунги куннинг муҳим масаласи. Шу сабабли, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида ўтказилган навбатдаги йиғилишда соҳадаги ҳолат танқидий руҳда кўриб чиқилди.
Унда жорий йил биринчи чораги ва “Долзарб 100 кунлик” дастури доирасида амалга оширилган ишлар атрофлича сарҳисоб қилинди.
Йиғилишда таъкидланишича, геология йўналишини ривожлантириш учун катта имкониятлар, молиявий ресурслар ва қулай шароитлар яратилганига қарамасдан, кутилган натижаларга эришилмаяпти. Амалга оширилаётган ишлар ҳажми билан уларнинг амалий самараси ўртасида сезиларли номутаносиблик сақланиб қолмоқда.
Хусусан, инвестицияларни ўзлаштириш кўрсаткичлари расман 100,1 фоизга бажарилгани қайд этилган бўлса-да, чуқур таҳлил натижалари мутлақо бошқача манзарани кўрсатмоқда. Ўсиш суръати бор-йўғи 63,4 фоизни ташкил этган бўлиб, бу ўтган даврга нисбатан 111,4 миллион доллар кам ўзлаштирилганини англатади. Бу эса рақамлар ортида самарадорлик пастлиги яширин эканини кўрсатади.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай ҳолат масъуллар томонидан иш жараёнларига етарлича эътибор қаратилмаётгани ва мавжуд захиралардан тўлиқ фойдаланилмаётгани билан изоҳланади.
Йиғилишда қўшма корхоналар фаолияти ҳам алоҳида таҳлил қилинди. Маълум бўлишича, бу йўналишда тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, 9 та қўшма корхонадан фақат 2 таси дивиденд тўлаётгани жиддий камчилик сифатида баҳоланди. Бу эса назорат ва мониторинг тизими самарасиз эканини кўрсатади.
Алоҳида эътибор “Гиссарнефтгаз” корхонаси фаолиятига қаратилди. Лойиҳа қиймати 157 миллион доллар бўлган мазкур корхонада 2016-2025 йилларга мўлжалланган 13,2 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш режаси белгиланган бўлса-да, амалда бу кўрсаткич атиги 2,2 миллиард метр куб, яъни 16,4 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, нефть ва конденсат қазиб чиқариш ҳам режадан ортда қолган. Харажатлар 40 фоизга, зарар эса 70 фоизга ошгани қайд этилди.
Корхонада 550 нафар ходим меҳнат қилаётганига қарамасдан, оптималлаштириш ишлари амалга оширилмаган, иш ҳақлари эса ўз вақтида тўланмаётгани танқид қилинди.
Шунингдек, қўшма корхоналар билан ишлашни самарали ташкил этмагани учун масъул раҳбар лавозимидан озод этилди.
Йиғилиш давомида ишлаб чиқариш жараёнларидаги узилишлар ва авария ҳолатлари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Газлида юз берган ҳолат мисолида энергетика тизимидаги камчиликлар сабаб компрессор агрегати тўхтаб қолгани ва натижада кунлик газ қазиб чиқариш ҳажми 207 минг куб метрга камайгани қайд этилди.
Унда эски қудуқлар ҳисобига газ қазиб чиқариш пасайиб бораётган бир шароитда, айрим масъулларнинг бефарқлиги туфайли юзага келаётган авариялар умумий натижаларга салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.
Жамият ахборот хизматига кўра, йиғилишда масъулиятсизлик ва йўл қўйилган хатолар учун бир қатор раҳбарларга нисбатан интизомий чоралар қўлланилди. Жумладан, 4 нафар раҳбарга ҳайфсан ва жарима жазолари берилди, 1 нафар масъул эса лавозимидан озод этилди.
Сарҳисоб якунига кўра, барча даражадаги раҳбарларга биринчи чорак якунлари бўйича ишлаб чиқариш ва молиявий ҳисоботларни топширишдан олдин уларни қайта кўриб чиқиш, режалар ижросини таъминлаш ва ўсиш суръатларини жадаллаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА