Музейлар Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий бойликларини намойиш этиш орқали туризм салоҳиятини оширишга, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ватанимиз ўзининг бой тарихи ва маданий мероси билан дунё цивилизацияси ўчоқларидан бири сифатида тан олинади. Музейлар эса юртимиз тарихи, маданияти, санъатига оид осори-атиқаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб этиш, ўзбек давлатчилик тарихининг шаклланиши ва ривожланиш босқичларини акс эттиришга хизмат қиладиган маскандир. Кўргазмалар, тақдимотлар ва турли таълимий-маданий дастурлар орқали музей фондларида мавжуд бўлган экспонатлар ҳақидаги билимларни кенг жамоатчиликка етказиш музей жамоаси ва илмий ходимларининг асосий вазифаларидан биридир.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг тарихий меросини чуқурроқ ўрганиш, турли халқлар ва миллатлар ўртасида ўзаро мулоқотни ривожлантириш, маънавий муштаракликни таъминлаш масаласи бугунги кунда айниқса долзарб. Музейлар Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий бойликларини намойиш этиш орқали туризм салоҳиятини оширишга, ташриф буюрувчиларни жалб этиш орқали, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон тарихи давлат музейи ахборот хизмати раҳбари Меҳрожиддин Умрзоқов соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.
Мутахассисга кўра, 2024 йилнинг 1-11 октябрь кунлари Ўзбекистон тарихи давлат музейида Чикаго университети Қадимий маданиятни ўрганиш ва тадқиқ қилиш институти томонидан 60 соатли “STRAS capstone” Марказий Осиё давлатлари музейлари реставраторлари учун тренинг ташкил этилди. Курс давомида музейда сақланадиган экспонатлар, жумладан, тош, ёғоч ва суяк консервацияси ва реставрацияси методларининг назарий ва амалий машғулотлари, 3D технологиясига доир мавзуларда мастер-класс ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистон тарихи давлат музейининг 11 нафар ходими музейшунослик ва маданий мерос соҳасига оид 9 та халқаро тадбирда юртимиз делегацияси аъзоси сифатида иштирок этди. Музей ходимлари Тоҳир Норқобилов, Наргиза Тўраева , Дилфуза Рауфова, Мансур Сафаевлар халқаро сертификат билан тақдирланди.
Қайд этилишича, хорижий давлатлар ва халқаро нуфузли ташкилотларнинг расмий таклифи билан хизмат сафарлари, амалиётлар ҳамда дастурлар ташкил этилган. Хусусан, Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрида Халқаро шарқ гиламлари анжумани бўлиб ўтди. Дунё миқёсида гиламдўзликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1976 йилдан буён ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиб келинаётган анжуманда Ўзбекистон тарихи давлат музейи илмий ходими Мансур Сафаев “Жанубий Оролбўйи қорақалпоқларнинг гилам тайёрлаш санъати” номли маъруза билан иштирок этди.
Шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида III Глобал музей директорлари форуми бўлиб ўтди. Форумда музейларнинг маданият муассасаси сифатидаги функциясини бажаришда инновацион ғоялардан фойдаланиш, ташрифчилар сонини ошириш, маркетингни ривожлантириш орқали музейнинг хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Форумда Ўзбекистон тарихи давлат музейи номидан директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари Дурдона Расулова ва музей фондлари бош сақловчиси Равшан Ғуломов қатнашди. Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмаилованинг “Музейлар эволюцияси кесимида Ўзбекистон” мавзудаги маърузаси иштирокчиларга тақдим этилди.
Остона шаҳрида Қозоғистон музей конгресси ўтказилди. Қозоғистон Республикаси Миллий музейининг 10 йиллик юбилейига бағишланган ушбу тадбирда Тожикистон, Озарбайжон, Эрон, Хитой каби ўнлаб давлатдан келган миллий музейлар вакиллари иштирок этди. Қозоғистон томонининг таклифига биноан Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмаилова ҳам Остона шаҳрига хизмат сафари билан борди. Конгресс доирасида “Замонавий музейлар: фан, таълим ва инновация” мавзусидаги халқаро амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА