Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Токиода намойиш этилди
Токионинг машҳур Шибуя чорраҳасидаги йирик реклама мониторларидан бирида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳият намойиш этилди.
Японияда ўтказилаётган “Мустақиллик кунлари” доирасида мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги имкониятларига бағишланган видеороликлар тақдим этилмоқда. Лойиҳа Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.
Кунчиқар мамлакатнинг марказий кўчаларида ноёб тарихий-маданий меросимиз, қадимий шаҳарларимиз, замонавий мегаполислар, шунингдек, саёҳат ва дам олиш учун яратилган шарт-шароитлар намойиш этилмоқда. Сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига алоҳида эътибор қаратилган.

Республикамизнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижалари экран майдонидан ташқарида ҳам тарғиб қилинди. Ўзбекистоннинг фахрий маданият элчиси Машу Комазаки томонидан ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ҳамюртларимиз, япониялик меҳмонлар учун флешмоб ташкил этилди.
Ташаббус япон халқига мамлакатимизнинг маданий мероси, сайёҳлик имкониятлари ва тараққиёти ҳақида маълумот беришда ҳамда икки давлат ўртасидаги гуманитар ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда яна бир муҳим ҳодиса бўлди.
Азиза Алимова, ЎзА