Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий алоқалари (+видео)
2025 йил Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланди. Таҳлилчиларга кўра, минтақавий интеграция мамлакатимиз учун стратегик йўналиш бўлиб қолмоқда. Яъни, нафақат товар айирбошлаш, балки минтақавий иқтисодий ҳамкорлик механизми ҳам фаоллашган.
Умумий савдо ҳажми
Ўтган йил республикамизнинг Марказий Осиё давлатлари билан ташқи савдо айланмаси салкам 8,3 миллиард долларни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан тахминан 15 фоиз ўсишга эришилди. Бу умумий ташқи савдонинг қарийб 10,2 фоизи, дегани. Умумий кўрсаткичда экспорт улуши 3,1 миллиард, импорт эса 5,1 миллиард доллардан ошди.
Ўзбекистоннинг минтақадаги энг йирик савдо шериги сифатида Қозоғистон улуши умумий айланмага нисбатан тахминан 60 фоизга тенг. Савдо ўсиши суръати – 111,4 фоиз. Экспорт – 1 545,8 миллион, импорт – 3 423,8 миллион доллар.
Хорижий иқтисодий муносабатларимиз доирасидаги яна бир муҳим иштирокчи ҳисобланган Қирғизистоннинг мамлакатимиз билан савдоси улуши тахминан 14 фоиз: Экспорт – 771,1 миллиард, импорт – 428,1 миллиард доллар.
2025 йил эълон қилинган расмий статистикага кўра, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги савдо алоқалари ҳам сезиларли жадаллашиб, ўзаро савдо айланмаси аввалги йилга нисбатан 104,7 фоиз кўтарилди.
Ўтган мавсум Ўзбекистон – Тожикистон ташқи савдо айланмаси 129,9 фоиз ўсиш суръатини намоён этди.
Қўшни давлатлар билан иқтисодий алоқаларда кузатилаётган асосий тенденция – савдо ҳажми изчил ва барқарор ўсиб боришидир. Бу ҳолат минтақавий бозорни диверсификация қилиш, ташқи савдо географиясини кенгайтириш ҳамда умумий иқтисодий занжирни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ишлаб чиқариш кооперацияси, саноат алоқалари ва инвестиция лойиҳаларини ҳам фаоллаштириб, Марказий Осиё иқтисодий интеграцияси жараёнини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Шу билан бирга ҳамкорлик транспорт ва логистика инфратузилмаси ривожланиши билан узвий боғлиқ тарзда кечмоқда. Темир йўл, автомобиль ва транзит йўлаклари, чегарадан ўтиш манзиллари такомиллаштирилиши товар ва хизмат алмашинуви кўламини кенгайтирмоқда. Натижада қўшни бозорларга маҳсулот етказиб бериш муддати қисқариб, логистика харажати камаймоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар рақобатбардошликни ошириш ва минтақавий савдо миқдорини оширишга замин яратмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tKS-b85mu7Y" title="O`zbekistonning Markaziy Osiyo mamlakatlari bilan iqtisodiy aloqalari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Дилшод Ҳакимов, ЎзА