Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг Ғазони тиклаш бўйича дипломатик позицияси

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсати очиқлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва халқаро барқарорликни қўллаб-қувватлаш тамойилига асосланиб изчил ривожланмоқда.

Тинчликни мустаҳкамлаш, низолар оқибатини бартараф этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз халқаро ҳамжамиятда фаол, масъулиятли иштирокчи сифатида шаклланаётганини кўрсатади. Айни жараёнда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев халқаро платформаларда илгари сураётган ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, Президентимиз 19 февраль куни Тинчлик кенгаши инаугурация мажлисида сўзлаган нутқ  ташқи сиёсатимизнинг мазкур йўналишдаги устувор жиҳатларини яққол намоён этди. Ўзбекистон етакчиси анъанага мувофиқ низодан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва барқарор ривожланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш масаласига яна бир бор тўхталди.

Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган фикрларнинг сиёсий ва институционал аҳамиятини баҳолашда, аввало, халқаро институтлар фаолияти билан боғлиқ жиҳатларга эътибор қаратиш зарур. Тинчлик кенгаши ташкил этилиши глобал барқарорликни тиклаш, бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қаратилган муҳим механизм сифатида баҳоланиши халқаро муносабатлар назариясида кенг қўлланадиган институционализм назариясига мос. Мазкур назарияга кўра, халқаро институтлар давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, келишувларни амалга ошириш ва барқарорликни таъминлашда муҳим восита ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Тинчлик кенгаши фаолияти можародан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш, шундай ҳудудларда барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилувчи муҳим халқаро платформадир.

Алоҳида эътибор қаратилган масалалардан яна бири Ғазо секторини иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан тиклаш зарурати билан боғлиқ. Можародан кейинги тикланиш жараёни халқаро амалиётда узоқ муддатли барқарорликни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида эътироф этилади. Инфратузилмани тиклаш, ижтимоий хизматларни қайта йўлга қўйиш ва иқтисодий фаолликни рағбатлантириш барқарорликни таъминлашнинг асосий омиллари ҳисобланади. Шу жиҳатдан турар жой, таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш тизимини тиклашга алоҳида урғу берилиши тикланиш жараёни ижтимоий йўналтирилган моделга асосланганини кўрсатади.

Шунингдек, ташқи бошқарув механизми маҳаллий аҳоли томонидан қўллаб-қувватланиши зарурлиги ҳақидаги ёндашув сиёсий легитимлик тушунчасига асосланади. Илмий тадқиқотлар кўрсатадики, туб аҳоли манфаати ва эҳтиёжини ҳисобга олмаган ташқи бошқарув тизими узоқ муддатли натижага эриша олмайди.

Шавкат Мирзиёев нутқида қўлланган “Янги Ғазо” ибораси оддий географик тушунча доирасидан чиқиб, кенг сиёсий ва стратегик мазмун касб этади. Бошқача айтганда, можародан кейинги тиклаш жараёни янги сифат босқичига олиб чиқилиши заруратини англатади. Ушбу атама ҳудудни фақат инфратузилма жиҳатидан тиклаш билан чекланмай, иқтисодий тизимни ривожлантириш, ижтимоий соҳани мустаҳкамлаш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган кенг қамровли ривожланиш ёндашувини ҳам ифодалайди. Шунингдек, “янги” тушунчаси ҳудудда аввал кузатилган беқарорлик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиб, барқарор ва мустақил ривожланишга асосланган янги тизим шакллантирилиши лозимлигини билдиради.

Умуман, Вашингтон саммитидаги ташаббусларимиз Ўзбекистон ташқи сиёсатининг замонавий йўналишларини акс эттиради. Сўнгги йилларда давлатимиз халқаро муносабатда очиқ, фаол ва самарали сиёсат юритиб келмоқда. Айниқса халқаро барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббусларимиз қўллаб-қувватланиши республикамизнинг глобал сиёсий жараёндаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистоннинг урушдан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш борасидаги интилишлари давлатимиз глобал ва минтақавий хавфсизлик масаласида фаол иштирокчи сифатида намоён бўлаётганини кўрсатади.

Барно Суюнова,

сиёсий  фанлар буйича фалсафа доктори