Ўзбекистонга чет элдан пул ўтказмалари ҳажми ошмоқда
Марказий банк Халқаро миграция ва жисмоний шахсларнинг валюта операциялари шарҳини эълон қилди. Унда глобал иқтисодий жараёнлар фонида меҳнат миграцияси, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳамда валюта бозоридаги асосий тенденциялар таҳлил қилинган.
Сўнгги йилларда глобал иқтисодий интеграция, трансчегаравий меҳнат бозорларининг очилиши ва рақамли молиявий инфратузилманинг ривожланиши натижасида халқаро миграция жаҳон иқтисодиётининг муҳим қисмига айланди. Бугунги кунда у нафақат ижтимоий, балки макроиқтисодий барқарорликка таъсир этувчи омил сифатида қаралмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, 2024 йилда дунё бўйлаб халқаро мигрантлар сони 304 миллион кишига етган бўлиб, бу жаҳон аҳолисининг 3,7 фоизини ташкил этган. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра эса, шу йилда халқаро пул ўтказмалари ҳажми қарийб 900 миллиард долларга етган.
Пул ўтказмалари, айниқса, паст ва ўрта даромадли мамлакатлар учун муҳим молиявий манба ҳисобланиб, улар иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Ушбу маблағлар иқтисодий шоклар пайтида аҳоли даромадларини қўллаб-қувватлайди ва ички бозор мувозанатига хизмат қилади.

2025 йилда Ўзбекистонга чет элдан келиб тушган пул ўтказмалари ҳажми 18,9 миллиард долларни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 28 фоизга ошди. Бу кўрсаткич мамлакат валюта бозори барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлди.
Асосий пул оқимлари Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва Туркия каби анъанавий давлатлардан келаётган бўлса-да, сўнгги йилларда Европа Иттифоқи мамлакатлари, АҚШ ва Буюк Британиядан келаётган ўтказмалар ҳам сезиларли даражада ошди. Бу эса меҳнат миграцияси географияси кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Хусусан, 2025 йилда Буюк Британиядан пул ўтказмалари 39 фоизга, Европа мамлакатларидан 37 фоизга, АҚШ ва Жанубий Кореядан эса 15 фоизга ўсган.
Меҳнат миграциясини шакллантирувчи асосий омиллардан бири мамлакатлар ўртасидаги иш ҳақи фарқидир. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, энг юқори иш ҳақи даражалари Европа давлатлари, АҚШ, Канада, Австралия, Япония ва Жанубий Кореяда қайд этилган.
Айнан шу омил меҳнат ресурсларининг ривожланган давлатларга оқимини кучайтирмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмаларининг 52 фоизи анъанавий тизимлар орқали амалга оширилган. Шу билан бирга, банк карталари орқали тўғридан-тўғри амалга оширилган P2P ўтказмалар улуши 46 фоизга етди.
Бу рақамлар рақамли молиявий хизматлар оммалашиб бораётганини кўрсатади. Онлайн ўтказмаларнинг тезкорлиги ва арзонлиги аҳоли томонидан уларга бўлган талабни оширмоқда.

2025 йилда жисмоний шахслар билан боғлиқ валюта айирбошлаш операциялари ҳажми 33,6 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 32 фоизга ўсди. Жумладан, банклар аҳолидан 21,6 миллиард долларлик валюта харид қилди (+34%), аҳолига сотилган валюта ҳажми 12 миллиард долларга етди (+27%).
Натижада ички валюта бозорида таклиф талабдан 9,7 миллиард долларга юқори бўлиб, бу бозор барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатди.
Валюта операцияларининг катта қисми валюта айирбошлаш шохобчалари ва онлайн хизматлар орқали амалга оширилмоқда. Масофавий хизматлар улушининг ошиб бораётгани эса рақамли банк хизматларининг кенгайиб бораётганини англатади.
Марказий банк таҳлили шуни кўрсатадики, халқаро меҳнат миграцияси ва пул ўтказмалари Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим молиявий манба бўлиб қолмоқда. Рақамли технологияларнинг жорий этилиши эса ушбу жараёнларни янада тезкор ва самарали қилишга хизмат қилмоқда. Келгусида миграция географиясининг кенгайиши ва рақамли тўловлар улушининг ортиши мамлакат иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб қолади.
Ш.Маматуропова, ЎзА