Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида қанча хорижий корхона бор?
Ўзбекистоннинг инвестициявий эркинлиги ва ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар натижасида тиббиёт ва ижтимоий хизматлар бозорида хорижий капитал иштироки сезиларли даражада кенгаймоқда. Миллий статистика қўмитасининг сўнгги маълумотларига кўра, 2026 йил 1 март ҳолатига келиб, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган хорижий корхоналар сони 140 тага етди. Бу кўрсаткич нафақат соҳага кириб келаётган маблағлар ҳажмини, балки юртимизда тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтаришга бўлган интилишни ҳам ифодалайди.
Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик географиясига назар ташласак, турк тадбиркорларининг етакчилигини кўришимиз мумкин — бугунги кунда Туркия сармояси иштирокида 27 та корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Шунингдек, кучли учликдан Хитой (21 та) ва Россия (18 та) компаниялари жой олган бўлса, фармацевтика ва тиббиёт технологиялари бўйича жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган Ҳиндистон 17 та корхона билан рўйхатда юқори поғоналарни эгаллаб турибди.
Минтақавий қўшничилик алоқалари ҳам ижтимоий соҳада ўз аксини топган: Қозоғистон капитали иштирокида 11 та, Озарбайжон ва Жанубий Кореядан эса 10 тадан корхона ташкил этилган. Шу билан бирга, Қирғизистон (6 та), Бирлашган Араб Амирликлари (4 та) ҳамда Япония (4 та) сармоядорлари ҳам Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Қолган 12 та корхона эса бошқа қатор хорижий давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Бундай кўп тармоқли ҳамкорлик тиббиёт соҳасига замонавий бошқарув тизимлари ва инновацион технологияларнинг кириб келишига хизмат қилаётир.
Ҳамроз Баянов,
ЎзА