Ўзбекистонда иқлим учун илмий жанг ёхуд дендрология боғлари бизга нима беради?
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси
Бугун экология билан боғлиқ хавфлар ҳақида гапириш учун мутахассис бўлиш шарт эмас. Бу борадаги муаммолар дунёнинг исталган нуқтасидаги оддий одамга ҳам кўриниб турибди.
Инсонлар ҳавонинг сифати, чанг-тўзонлар, ёздаги ғайритабиий иссиқлик ва меъёр билмаётган ёғин-сочинлардан хавотир билдирмоқда. Дунёда буни кўпга келган “тўй” деб кузатиб ўтирганлар бор. Табиатнинг мана шу каби дардларига дармон излаётганлар талай.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 1 апрель куни Тошкентда Миллий дендрология боғининг барпо этилишига старт берилди. Буни шунчаки навбатдаги кўчат экиш тадбири десак хато бўлади. Бу юртимиз иқлимини “даволаш” сари ташланган стратегик қадам бўлди.
Шу ўринда савол туғилади. Дендрология боғи ўзи нима, у оддий истироҳат масканидан нимаси билан фарқ қилади ва бизга у нега керак эди? Қуйида шу ҳақида қисқача мулоҳаза қиламиз.
Оддий боғларда биз кўпинча арча ёки чинорни кўришга ўрганганмиз. Дендрология боғи эса тирик лаборатория саналади. Бу ерда дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ва маҳаллий иқлимга мослаштирилган ноёб дарахт, бута ва ўсимликлар жамланади.

Пойтахтимизда барпо этилаётган 108 гектарлик мажмуа шунчаки сайргоҳ бўлмайди. У маълум йўналишлар учун илм-фан масканига айланади. Бу ерда “ин-витро” лабораториялари, уруғчилик ва селекция марказлари ишлайди. Яъни, қайси дарахт бизнинг шўр тупроғимизга чидамли, қайси бири кам сув ичиб, кўп кислород бериши илмий асосда ўрганилади.
Очиғини айтиш керак, охирги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги шаҳарларда “бетонлашиш” жараёни кучайди. Дарахтлар кесилиши, яшил майдонлар камайиши кузатилгани ҳам ҳақиқат. Оқибатида баъзи катта шаҳарларимиз, хусусан, пойтахтимиз ҳавосида зарарли заррачалар миқдори кўпайди.
Президентнинг 2026 йил 25 мартдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони табиатни асраш ва экологик муаммоларни юмшатиш йўлида янги қадам бўлди. Ҳужжат ҳудудларнинг нафақат манзарали қиёфаси, балки соғлом экологик ҳолатини яхшилашда навбатдаги ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Ушбу фармон билан яқин истиқболда республиканинг барча ҳудудларидаги маълум майдонларда ботаника ва дендрология боғларининг ташкил этилиши белгиланди.
– Кейинги беш йилдан буён “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиб, ҳар йили икки юз миллион туп кўчат экиб келинмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов. – Мана шу ўтган даврда икки минг гектардан зиёд майдонда мингга яқин яшил боғ ва яшил жамоат парклари, элликка яқин массивда “Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилди. Республиканинг тоғ, чўл ва адир ҳудудларида ўрмонлар ташкил қилинди. Оролнинг қуриган тубида эса икки миллион гектар майдонда яшил қопламали ҳимоя ўрмонзорлари яратилди. Шамол ва қум-чанг бўронлари зарарли таъсирининг олдини олиш мақсадида ўттиздан ортиқ туманларда “яшил белбоғ” ҳосил қилинди.

Дарҳақиқат, Президент фармонига мувофиқ, 2030 йилга қадар мамлакатимизда умумий яшиллик даражасини 30 фоизга, жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудудларни 10 квадрат метрга етказиш бўйича катта марра белгиланди.
Шу мақсадда Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон”, Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этилади. Қорақалпоғистонда 1 миллион гектар, Навоий ва Бухорода 300 минг гектардан, Хоразмда 85 минг гектар чўл ҳудудида янги ўрмонзорлар яратилади. Шунингдек, вилоят ҳокимларининг ҳар бири камида 100 гектар майдонда ботаника ва дендрология боғлари, 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари ташкил қилишга масъул бўлади.
Дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида дендрология боғлари шаҳарсозликнинг ажралмас қисмига айланган. Бу боғларнинг аҳамиятини билганлар уларни мўъжиза деб аташади. Масалан, бугунги кунда Буюк Британиядаги халқаро “Kew Gardens” боғи нафақат сайёҳларни жалб қилади, балки дунёдаги энг катта ўсимликлар генофондига эга маскан ҳисобланади.
Сингапур тажрибасида эса “боғ ичидаги шаҳар” концепцияси устунлик қилади. Бунда ҳатто бинолар тепасида ҳам яшиллик яратиш орқали ҳаво намлиги сақлаб қолинмоқда.
Ўзбекистон ҳам мана шу йўлдан бормоқда. Бизга шунчаки соя берадиган дарахт эмас, балки аллергия қўзғатмайдиган, чангни яхши тутиб қоладиган ва сувсизликка чидамли “ақлли” яшил ҳудудлар керак.
Дунё тажрибасида дендрология боғлари давлатнинг экологик визит картаси ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам Хитойнинг чўлланишга қарши курашиш тажрибаси асосида жорий йил Арнасой, Қоракўл, Муборак, Кармана ва Нукус туманларида шўрга чидамли боғлар яратилди. Бу боғлар ернинг шўрини ювиб, тупроқни қайта тирикликка қайтаради. Бу ерларда етиштирилган уруғлар келгусида минглаб гектар ерларда шўрланишни камайтириш ва тупроқ унумдорлигини оширишга хизмат қилади.
Сирдарёда барпо этилаётган 84 километрли “яшил девор” ёки Сурхондарёдаги 10 минг гектарлик массивлар ҳам бу дунёдаги энг илғор экологик тўсиқларнинг ўзбекча моделидир. Бу боғлар шунчаки манзара эмас, балки табиат инжиқликларига қарши қурилган тирик қалқондир.
Яхши ният билан экилган кўчат қуриб қолмаслиги учун суғориш тизими яхши ишлаши керак. Президент таъкидлаганидек, сув йўқ жойга кўчат экиш маблағни ҳавога учириш дегани. Шунинг учун янги боғларда томчилатиб суғориш ва илғор технологиялар қўлланилади.
Шунингдек, “Яшил” техникумларнинг ташкил этилиши бежиз эмас. Дарахтни экишдан кўра, уни парвариш қилишни биладиган мутахассиснинг бўлиши муҳим.
Дендрология боғлари ташки этилаётгани халқимизнинг табиат олдидаги бурчи ва эртанги кунни соғлом кутиб олиш учун энг тўғри инвестицияси саналади. Бу жараёнда фаол бўлишимиз ҳаммасидан муҳими. Шу шижотада давом этилса тўрт-беш йилда юртимиз яшиллик даражаси кўзланган ўттиз фоизга, албатта, етади.
Кечаги тадбирда Президент иштирокчилар билан бирга илк беш гектар майдонда ниҳол қадади. Ўша вақтда эса республика бўйлаб 88 минг туп кўчат ўтқазилди. Аслида бу катта старт дегани. Демак, асосий вазифа энди бошланади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси