Ўзбекистонда давлат бошқарувини янада ривожлантиришнинг аниқ мақсадлари белгиланди
Президентимизнинг 2026 йил 8 июлдаги "Рақамли ҳукумат" тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори давлат бошқарувини рақамли трансформация қилишнинг янги босқичини бошлаб берди. Тошкент давлат юридик университети профессори в.б. Акрамжон Каримов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Ҳужжат "Рақамли Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида ягона рақамли экотизимни шакллантириш, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш, киберхавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон манфаатларига йўналтирилган давлат хизматларини ривожлантиришга қаратилган.
Қарор билан 2026-2028 йилларга мўлжалланган устувор вазифалар, масъул ташкилотлар ва амалий "йўл хариталари" тасдиқланди. Бу давлат бошқарувини рақамлаштириш жараёнини тизимли давом эттириш ва давлат хизматлари сифатини янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
– Қарор билан айнан қандай муаммолар бартараф бўлади?
– Айтиб ўтиш керакки, ҳозирги кунда давлат органларида турли, ўзаро интеграциялашмаган ахборот тизимлари қўлланилаётгани маълумотларнинг такрорланиши, идоралараро ахборот алмашинувининг секинлашиши ҳамда хизмат кўрсатиш муддатларининг узайишига сабаб бўлмоқда.
Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида қарорда давлат ахборот тизимларини ягона рақамли муҳитга бирлаштирувчи Ягона интеграциялашган рақамли платформани жорий этиш назарда тутилган. Унинг асосида маълумотларни «бир марта киритиш» (Once-Only Principle) тамойили амалга оширилади. Бу фуқаро ёки тадбиркор аввал тақдим этган маълумотларни давлат органлари такроран талаб қилмасдан, ваколат доирасида ўзаро фойдаланиш имконига эга бўлади.
– Фуқаролар учун айнан қандай қулайликлар яратилади?
– Қарорнинг энг муҳим устувор йўналиши – инсон манфаатларини таъминлаш. Унинг амалга оширилиши натижасида давлат органларига бир хил ҳужжатларни қайта-қайта тақдим этиш зарурати қисқаради. Идоралараро маълумотлар алмашинуви автоматлаштирилади. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари тезлашади ҳамда электрон давлат хизматлари янада содда ва қулай шаклда тақдим этилади.
Бу эса аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини сезиларли даражада яхшилайди.
– «Рақамли ҳокимлик» ва сунъий интеллект дастурий комплекси қандай ишлайди?
– Қарордаги муҳим янгиликларидан бири – «Рақамли ҳокимлик» дастурий комплексини жорий этишдир. У ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини доимий мониторинг қилиш, геомаълумотлар асосида таҳлил ўтказиш, маҳаллалардаги долзарб муаммоларни тезкор аниқлаш ҳамда бошқарув қарорларини маълумотларга асосланган ҳолда қабул қилиш имконини беради.
Давлат бошқарувида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш кўлами кенгаяди. Интеллектуал таҳлил, автоматик прогнозлаш, рақамли ёрдамчилар, «Ҳокимнинг виртуал ассистенти» ва замонавий таҳлилий панеллардан фойдаланиш бошқарув қарорларининг тезкорлиги ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
– Бу жараёнларда киберхавфсизлик қандай таъминланади?
– Рақамли давлатни барпо этиш ишончли киберхавфсизлик тизимисиз мумкин эмас. Шу боис, қарорда ахборот ресурсларини ҳимоя қилиш, маълумотларни шифрлаш, хавфсизлик мониторингини кучайтириш, халқаро стандартлар асосида аудит ўтказиш ҳамда шахсий маълумотларни ишончли муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган.
Бу давлат рақамли инфратузилмасининг барқарорлигини таъминлаш билан бирга, фуқаролар маълумотларининг хавфсизлигини мустаҳкамлайди.
Президент қарорида 2028 йилгача рақамли давлат бошқарувини янада ривожлантиришнинг аниқ мақсадлари белгиланган. Жумладан, давлат органларининг минглаб маъмурий функцияларини рақамлаштириш, ахборот тизимларини Ягона интеграциялашган рақамли платформага босқичма-босқич улаш, сунъий интеллект асосида янги хизматларни жорий этиш, таҳлилий бошқарув тизимларини кенгайтириш ва электрон ҳужжат айланмасини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Бу ислоҳотлар давлат хизматлари сифатини ошириш, бошқарув жараёнларини соддалаштириш ва давлат органлари фаолияти самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Қарорнинг энг муҳим хусусияти – рақамлаштиришни мақсад эмас, балки инсон ҳаёти сифатини яхшилаш воситаси сифатида белгилаганидир. Давлат хизматларининг соддалашиши, ортиқча бюрократик жараёнларнинг қисқариши, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларининг тезлашиши ҳамда рақамли хизматлар кўламининг кенгайиши аҳоли ва тадбиркорлар учун янада қулай муҳит яратади.
Умуман, мазкур қарор давлат бошқарувининг очиқлиги, самарадорлиги ва шаффофлигини оширади. Рақамли иқтисодиётни ривожлантиради.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова суҳбатлашди