Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Туркиянинг етакчи медиа тузилмалари билан меморандум имзолади
Туркиянинг тарихий ва гўзал шаҳарларидан бири — Баликесирда “Маданият йўналишидан рақамли келажакка: маданиятлар, медиа ва сунъий интеллект” мавзусида ўтказилган халқаро медиафорум доирасида Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ва Туркия медиа тузилмалари вакиллари иштирокида мазмунли мулоқотлар бўлиб ўтди.
Учрашувларда икки мамлакат журналистика соҳасининг бугунги ҳолати, замонавий медиа муҳитида юзага келаётган янги имконият ва чақириқлар, журналистлар ўртасида профессионал алоқаларни кенгайтириш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма медиа лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотларнинг муҳим натижаси Ўзбекистон ва Туркия медиа тузилмалари ўртасида ҳамкорлик меморандумининг имзоланганидир.

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси бошқаруви раиси, таниқли ижодкор Шуҳрат Орипов, Туркия журналистлар федерацияси раиси Йилмаз Каража ва Туркия Интернет медиа бирлиги бошқаруви раиси Сулаймон Баса томонидан имзоланган ҳужжатлар икки мамлакат журналистлари ва медиа ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни тизимли ва амалий асосда ривожлантириш учун муҳим қадам бўлди.
Туркия журналистлар федерацияси билан ҳамкорлик журналистлар делегациялари алмашинуви, маҳаллий матбуотни ривожлантириш тажрибасини ўрганиш, рақамли журналистика, сунъий интеллект ва медиа саводхонлик бўйича қўшма семинарлар ташкил этиш, журналистлар малакасини ошириш ҳамда халқаро медиа форумлар ўтказиш каби йўналишларни қамраб олади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия журналистлари ўртасида профессионал тармоқни кенгайтириш масаласи ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Туркия журналистлар федерацияси 1996 йилда ташкил этилган бўлиб, журналистларнинг касбий манфаатларини ҳимоя қилиш, матбуот ва сўз эркинлиги масалаларида журналистик ҳамжамиятнинг умумий позициясини ифода этиш, маҳаллий ва минтақавий матбуотни қўллаб-қувватлаш ҳамда профессионал ҳамкорликни кучайтириш йўналишларида фаолият юритади. Федерация Туркиянинг 81 вилоятидаги журналистлар уюшмаларини ўзида бирлаштиради.
Туркия Интернет медиа бирлиги (TİMBİR) билан имзоланган ҳамкорлик меморандуми эса ушбу жараённинг рақамли медиа йўналишини янада бойитади. Мазкур ташкилот интернет журналистикаси, рақамли медиа ва онлайн ахборот платформаларини бирлаштирувчи халқаро мақомдаги профессионал медиа ташкилот бўлиб, унинг тармоғи Туркиянинг 81 вилояти ва дунёнинг 25 мамлакатидаги ҳамкорлик алоқаларини қамраб олади. Ташкилот тармоғига 800 дан ортиқ медиа ташкилоти ва 1000 дан зиёд ахборот платформалари киради.

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси TİMBİR билан ҳамкорлик доирасида рақамли журналистика, интернет медиа, журналистлар малакасини ошириш, медиа саводхонлик, дезинформацияга қарши курашиш, ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Таълим дастурлари, семинар ва тренинглар орқали медиа ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, рақамли муҳитда ахборот ишончлилиги ва журналистик этика масалаларида тажриба алмашишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Баликесирдаги ҳамкорлик келишувларини икки мамлакат журналистлари ўртасида янги мулоқот майдонини шакллантирувчи муҳим ташаббус, янги тажриба ва янги қўшма лойиҳалар учун муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин. Бу ҳамкорлик Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни ахборот маконида янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
ЎзА