Ўзбекистон жаҳон матбуоти саҳифаларида
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ички тараққиётни рағбатлантириш баробарида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини ҳам мустаҳкамламоқда.
Шу боис кўплаб етакчи хорижий оммавий ахборот воситалари юртимизда иқтисодиётни модернизация қилиш, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиш, инвестиция ва туризм учун қулай муҳит яратиш каби устувор йўналишларда олиб борилаётган фаол саъй-ҳаракатларга эътибор қаратмоқда.
Жаҳон матбуоти диёримиздаги янгиланишларни турли ракурсдан таҳлил қилар экан, республикамизнинг барқарор ривожланиш моделига алоҳида урғу бермоқда.
Xalq gazeti: Давлат бошқарувида янги авлод раҳбарлари тайёрланмоқда

Озарбайжоннинг “Xalq gazeti” нашри Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизими учун янги авлод раҳбар кадрларини тайёрлашга қаратилган ислоҳотларга бағишланган материал эълон қилди. Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда кадрлар сиёсатини замонавий талаблар асосида қайта шакллантириш масалаcи муҳокама қилингани қайд этилган. Номзодларни баҳолашда анъанавий ёндашув ўрнига рақамли технологияга асосланган 100 баллик тизим, сунъий интеллект ва улкан маълумот таҳлилидан фойдаланиш режалаштирилгани таъкидланган.
Шунингдек, 2030 йилга қадар юқори салоҳиятли 1500 нафар раҳбар кадр захирасини шакллантириш, хорижда таҳсил олаётган ёшлар учун янги рақамли платформа ишга тушириш ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чоралар ёритилган.
Trend.az: Маданий мулоқот Ўзбекистон ва Озарбайжонни янада яқинлаштирмоқда

Озарбайжоннинг “Trend.az” агентлиги Ганжа шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Озарбайжон санъаткорлари иштирокидаги қўшма концерт дастури ҳақида хабар берди. Материалда мазкур тадбир икки мамлакат маданий алоқасини янада мустаҳкамлаши қайд этилган.
Муаллиф таъкидлашича, икки халқни муштарак тарих, миллий қадрият ва бой мусиқий мерос бирлаштириб туради. Шу боис бундай маданий лойиҳалар нафақат ижодий ҳамкорлик, балки ёш авлоднинг миллий меросга ҳурматини мустаҳкамлаш ва гуманитар мулоқотни кенгайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Pakistan Today: Ўзбекистон ва Беларусь саноат ҳамкорлигининг янги босқичи

“Pakistan Today” нашри Ўзбекистон ва Беларусь муносабатлари сўнгги йилларда саноат кооперацияси, инвестиция ва ўзаро савдо соҳаcида янги босқичга кўтарилаётганини таҳлил қилди.
Материалда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2017-2025 йиллари бир неча баробар ўсгани, 2030 йилга қадар савдо ва хизмат айланмасини 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилингани айтилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва электр техникаси, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳалари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида баҳоланган.
Муаллиф фикрича, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва ички бозор имконияти кенгайиши Беларусь корхоналари учун янги истиқбол яратаётган бўлса, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари икки мамлакат иқтисодий шериклигини янада мустаҳкамлайди.
MENA News: Ўзбекистон ислом цивилизацияси меросини жаҳонга кенг тарғиб этмоқда

Яқин Шарқнинг “MENA News” ахборот платформаси Тошкентда ўтказилган Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форуми ҳамда Самарқанд ва Термизда ташкил этилган илмий анжуман ҳақида батафсил материал эълон қилди.
Нашрда форум 46 мамлакатдан юзлаб олим, дин арбоби ва халқаро ташкилот вакилини тўплагани, тадбир якунида илмий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўнлаб келишув имзолангани қайд этилган. Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий мероси чуқур ўрганилаётгани, Самарқанд декларацияси қабул қилиниши ҳамда Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси меросини асрашга қаратилган ташаббуси юқори баҳоланган.
Материалда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази бутун мусулмон олами учун муҳим илмий ва маданий мулоқот майдонига айланаётгани таъкидланган.
APP: Ўзбекистон – халқаро гуманитар мулоқот маркази

Покистоннинг “Associated Press of Pakistan” агентлиги Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари Ўзбекистон Президентига мурожаат қабул қилганини ёритди.
Нашрда 50 га яқин мамлакат вакили Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси меросини асраш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолагани қайд этилган. Шунингдек, форум якуни асосида қабул қилинган декларация ва “йўл харитаси” узоқ муддатли халқаро ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратиши таъкидланган.
Муаллиф фикрича, Тошкент, Самарқанд ва Термизда ўтказилган форумлар Марказий Осиёнинг илмий-маърифий меросини халқаро ҳамжамиятга янада яқинлаштиради. Ислом цивилизацияси бўйича Жаҳон альянсини ташкил этиш ташаббуси эса Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги халқаро ташаббускор давлат сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Д.Ҳакимов, ЎзА