Ўзбекистон – Япония стратегик шериклиги: янги босқич ва янги имкониятлар
Муносабат
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобланади. Шу маънода Япония Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли стратегик ҳамкорларидан бири сифатида алоҳида ўрин тутади. Икки мамлакат ўртасидаги қарийб 34 йиллик муносабатлар ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва узоқ муддатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган бўлиб, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда.
Хусусан, иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон – Япония муносабатларининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Япония Ўзбекистон иқтисодиётига йирик ҳажмда инвестиция киритаётган етакчи давлатлардан бири бўлиб, энергетика, транспорт, кимё саноати, соғлиқни сақлаш ва инфратузилма соҳаларида қатор йирик лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

Натижада, охирги саккиз йилда товар айирбошлаш икки баравар, қўшма корхоналар сони ўн баравар, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати эса 20 миллиард доллардан ошди. Савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, муқобил энергетика, карбонсизлантириш, ўта муҳим хомашё каби кўплаб соҳаларда саноат кооперациясини чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда олий ва юқори даражадаги ташрифлар мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Япония Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкор сифатида эътироф этиб, минтақада барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Хусусан, Япониянинг “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти формати доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг етакчилиги ва ташаббуси туфайли бошқа Марказий Осиё давлатларининг ҳам ушбу форматга қизиқиши ҳамда кенг кўламли ҳамкорликка интилиши ошмоқда.
Икки мамлакат парламентлараро алоқаларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, қонунчилик соҳасида тажриба алмашувини амалга ошириб келмоқда. Бу эса давлат бошқаруви ва ҳуқуқий тизимни такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбарининг Японияга расмий ташрифи доирасида ушбу мамлакат Парламентининг Маслаҳатчилар палатаси президенти Масаказу Секигучи ҳамда Япония Парламентининг Вакиллар палатаси спикери Фукуширо Нукага билан учрашуви яқин келажакда стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда парламентлараро алоқани янада ривожлантириш имконини беради.
Эътиборлиси, ёшларнинг парламентга оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон – Япония ёшлар парламентлари аъзолари форумини ўтказиш, парламентларнинг қўмиталари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ва Япония префектуралари ассамблеялари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш каби келишувларга эришилди.
Эришилган келишувлар Ўзбекистон парламенти учун, аввало, парламент дипломатиясини тизимли ва институционал асосда ривожлантириш имконини беради. Қўмиталар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатилиши қонун ижодкорлиги жараёнида аниқ соҳалар бўйича чуқур тажриба алмашишга хизмат қилади. Бу, айниқса, иқтисодиёт, саноат, экология, рақамлаштириш ва ижтимоий соҳаларда қонунларни такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон–Япония ёшлар парламентлари аъзолари форумини ўтказиш ташаббуси эса Ўзбекистон парламенти учун узоқ муддатли стратегик аҳамиятга эга. Бу орқали ёш депутатлар ва ёш сиёсий етакчиларнинг қонун ижодкорлиги кўникмалари ривожланади. Шунингдек, парламент фаолиятига инновацион ва замонавий ёндашувлар кириб келади.
Умуман олганда давлатимиз раҳбарининг кунчиқар мамлакатга қилган ташрифи ҳар томонлама юқори натижаларга бой бўлганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Буни ташриф доирасида Император Нарухито, Япония парламент раҳбарлари, Либерал-демократик партияси вице-президенти, Таро Асо, Япония иқтисодиёт, саноат ва савдо вазири Рёсэй Аказава ҳамда мамлакатнинг етакчи компаниялари, молия институтлари ва бизнес уюшмалари раҳбарлари билан учрашувлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу ташриф Ўзбекистон иқтисодиёти учун янги инвестиция имкониятларини очади. Япония томонидан амалга оширилаётган ҳамкорлик лойиҳалари аҳоли учун янги иш ўринлари яратилиши, замонавий технологиялар кириб келиши ҳамда хизматлар сифати ошишига бевосита таъсир кўрсатади.
Японияга расмий ташриф нафақат давлатлараро стратегик шерикликни мустаҳкамлади, балки унинг натижалари аҳоли ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришларга олиб келиши билан аҳамиятлидир. Шу боис, мазкур ташриф экспертлар томонидан Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш ва ислоҳотларни изчил давом эттиришга хизмат қилувчи муҳим сиёсий воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА