Ўзбекистон ва Туркия: Шериклик муносабатлари кенгаймоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Улуғбек Шерматовнинг Туркия Республикаси Буюк Миллат мажлиси Хавфсизлик ва разведка комиссияси раиси Вейсал Типиўғлу билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда сўнгги йилларда давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси билан кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик мутлақо янги босқичга кўтарилгани алоҳида қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил январь ойида Анқарага расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга катта суръат бағишлаб, кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янги, янада юқори босқичга олиб чиққани таъкидланди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Қонунчилик палатасининг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, В.Типиўғлу самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда барча соҳаларда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, демократик янгиланишлар ва парламентаризмни ривожлантириш соҳаларидаги ислоҳотларни юқори баҳолади.
Учрашув давомида парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Дўстлик гуруҳларининг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, парламент қўмиталари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш каби масалаларга урғу қаратилди.
М.Комилова,
ЎзА