Ўзбекистон ва Корея Республикаси: инвестициявий шерикликдан технологик кооперация сари
Ўзбекистон–Корея муносабатлари ривожланишнинг янги босқичига қадам қўймоқда.
Илгари уларнинг асосини савдо, инвестициялар ва ускуналар етказиб бериш ташкил этган бўлса, бугунги кунда асосий эътибор саноат ва технологик кооперацияни чуқурлаштиришга қаратилмоқда.
Қўшма ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш, стратегик муҳим хомашё турларини қайта ишлаш ҳамда кадрлар салоҳиятини ривожлантириш икки томонлама ҳамкорлик кун тартибининг устувор йўналишларига айланмоқда. Бундай ёндашув ҳар икки мамлакатнинг узоқ муддатли устувор мақсадларига мос келади.
Корея Республикаси хомашё манбаларини диверсификация қилиш ва таъминот барқарорлигини оширишга интилмоқда. Ўзбекистон, ўз навбатида, ресурсларни чуқур қайта ишлаш, илғор технологияларни ўзлаштириш ҳамда мамлакатда яратиладиган қўшилган қийматни оширишдан манфаатдор. Ушбу манфаатларнинг ўзаро уйғунлиги асосан инвестицияларга таянган ҳамкорликдан кенг қамровли саноат-технологик шерикликка ўтиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
2025 йил якунларига кўра, икки томонлама савдо ҳажми қарийб 1,8 миллиард долларни ташкил этди. 2026 йил август ойида икки мамлакат ҳукуматлари йиллик товар айирбошлаш ҳажмини яқин истиқболда 4 миллиард долларга етказиш вазифаси юклатилган қўшма ишчи гуруҳни тузди.
Инвестициявий ҳамкорлик кўлами ҳам сезиларли даражада кенгайди. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган Корея инвестицияларининг умумий ҳажми 10 миллиард доллардан ошган бўлиб, шундан қарийб 8 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади. Корея бизнесининг мамлакатдаги иштироки ҳам изчил ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Корея капитали иштирокидаги мингга яқин корхона фаолият юритмоқда. Таққослаш учун, 2019 йилда уларнинг сони 359 тани ташкил этган.
Йиллар давомида шаклланган инвеститсиявий база қатор йирик лойиҳаларда амалий ифодасини топди. Уларнинг энг муҳими қарийб 4 миллиард долларлик “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонаси бўлиб, у икки томонлама муносабатлар тарихидаги энг йирик инвестиция лойиҳасидир.
Корхонада ички бозор ва экспорт учун полиэтилен, полипропилен ҳамда товар гази ишлаб чиқарилади.
Автомобилсозлик саноати ҳам ҳамкорликда муҳим ўрин тутади. ADM Jizzakh заводи Kia Corporation билан шерикликда кичик узелли йиғиш усули асосида кенг турдаги автомобилларни ишлаб чиқармоқда. “UzAuto Components” тармоғига кирувчи корхоналарда “UzAuto Motors” автомобиллари учун кондиционер тизимлари, ўриндиқлар, штампланган деталлар ва пластмасса қисмлар каби бутловчи буюмлар ишлаб чиқарилмоқда.
Ишлаб чиқариш кооперацияси тўқимачилик саноатини ҳам қамраб олган. “Posco International” гуруҳи корхоналари Фарғона ва Бухоро вилоятларида пахта толасини қайта ишлаб, юқори сифатли ип-калава ва газламаларни Европа ҳамда Осиё бозорларига экспорт қилмоқда.
Ҳамкорлик фармацевтика соҳасида ҳам ривожланмоқда. “Tashkent Pharma Park” кластерида Корея компаниялари халқаро GMP сифат стандартларига мувофиқ дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича инвесторлар ва технология етказиб берувчилар сифатида иштирок этмоқда.
Ҳамкорлик қамровининг кенгайиши алоҳида инвестиция лойиҳаларидан икки мамлакат корхоналари ўртасидаги барқарор ишлаб чиқариш кооперациясига ўтиш учун замин яратмоқда.
Ҳамкорлик нима учун янги мазмун касб этмоқда?
Жаҳон иқтисодиётида кечаётган ўзгаришлар саноат ва технологик кооперациянинг чуқурлашувига хизмат қилмоқда. Геосиёсий ноаниқлик, савдо чекловлари ва глобал таъминот занжирларининг қайта шаклланиши иқтисодий хавфсизликнинг аҳамиятини оширди.
Бу масала Корея Республикаси учун айниқса долзарбдир. Мамлакатнинг электроника, яримўтказгичлар, автомобилсозлик ва аккумулятор ишлаб чиқариш каби етакчи тармоқлари хомашё, материаллар ва бутловчи қисмларнинг барқарор етказиб берилишига боғлиқ.
Корея Республикаси электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайди ҳамда хотира микросхемалари сегментида етакчилик қилади. Унинг ҳиссасига жаҳон яримўтказгичлар бозорининг қарийб 13–15 фоизи тўғри келади. Шунингдек, мамлакат дунёнинг еттита йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси ва аккумулятор технологиялари соҳасидаги учта етакчи давлат қаторига киради.
Етакчи тармоқларнинг ташқи етказиб беришга боғлиқлиги Сеулни иқтисодий алоқалар кўламини кенгайтириш ҳамда хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар манбаларини диверсификация қилишга ундамоқда. Шу шароитда салмоқли ресурс базасига эга ва саноатни модернизация қилишдан манфаатдор бўлган Марказий Осиёнинг аҳамияти ортиб бормоқда.
Айни пайтда, Ўзбекистон жалб этилаётган инвестициялар сифатига нисбатан талабларни оширмоқда. Ҳозирги босқичда инвестицияларнинг нафақат ҳажми, балки технологик самараси ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Асосий эътибор янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлашга қаратилмоқда.
Корея Республикасининг ишончли хомашё манбаларига эҳтиёжи ҳамда Ўзбекистоннинг ушбу ресурсларни чуқур қайта ишлашни ривожлантиришга интилиши критик минераллар соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Хомашё алмашинувидан қўшилган қиймат занжири сари
Ўзбекистон мис, вольфрам, литий, молибден, рух ва бошқа талаб юқори бўлган ресурслар захираларига эга. Корея Республикаси учун улар юқори технологияли саноат хомашё базасининг муҳим таркибий қисми сифатида катта қизиқиш уйғотади.
Тошкент учун устувор вазифа фақат хомашё экспортини кенгайтириш эмас, балки уни мамлакат ичида изчил равишда чуқур қайта ишлашдан иборат. Шу нуқтаи назардан, ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, оралиқ маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда ундан кейинги ишлаб чиқариш жараёнларида фойдаланишни ягона қиймат яратиш занжирига бирлаштирадиган модель истиқболли кўринади.
Бундай ёндашув ҳар икки томоннинг манфаатларига мос келади. У Корея Республикасига стратегик хомашё манбаларини диверсификация қилиш ва таъминот барқарорлигини ошириш имконини беради. Ўзбекистон учун эса қайта ишлаш кўламини кенгайтириш, янги технологик жараёнларни ўзлаштириш ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш учун шароит яратади.
Технологик циклнинг айрим босқичларини Ўзбекистон ҳудудида маҳаллийлаштириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ишлаб чиқариш операциялари мамлакат ичида қанчалик кўп амалга оширилса, саноат ривожи, бандликни таъминлаш ва миллий кадрларни тайёрлашга таъсири шунчалик салмоқли бўлади.
Шундай қилиб, асосан, хомашё ва ускуналар етказиб беришга таянган анъанавий ҳамкорлик модели босқичма-босқич қўшилган қийматни биргаликда яратишга асосланган модель билан бойиб бормоқда.
Технологиялар, молиялаштириш ва кадрлар
Ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш инвестициялар билан бир қаторда, илғор технологиялар, узоқ муддатли молиялаштириш ва малакали кадрларни ҳам талаб этади. Ушбу имкониятларни ўзаро уйғунлаштириш Ўзбекистон–Корея шериклигининг муҳим устунлигига айланиши мумкин.
Ҳамкорликни чуқурлаштириш учун зарур молиявий ва институтсионал асос аллақачон шаклланмоқда. Корея Республикасининг Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси (ЭДCФ) билан шериклик доирасида Ўзбекистон учун имтиёзли молиялаштириш лимити 2 миллиард долларга оширилди. Ушбу маблағлар рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳаларга йўналтирилмоқда.
Корея Эксимбанки ҳам қўшимча имкониятлар тақдим этмоқда. Банк Ўзбекистон тижорат банкларига ажратиладиган кредит линиялари орқали Корея саноат ускуналарини харид қилишни молиялаштиришда иштирок этмоқда. Экспорт хатарларини суғурталаш механизмлари ҳам қўшма ташаббусларни амалга оширишга банк капиталини жалб этишга кўмаклашмоқда.
Молиявий воситалар технологик ҳамкорликнинг кенгайиши билан тўлдирилмоқда. 2026 йил август ойида томонлар сунъий интеллект ва рақамли трансформация соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштирди. Корея Миллий ахборот жамияти агентлиги (НИА) кўмагида рақамли давлат бошқаруви, маълумотларни стандартлаштириш ва сунъий интеллект ечимларини жорий этиш йўналишларидаги ҳамкорлик ривожлантирилмоқда.
Ўзбекистон учун бу иш фақат айрим тармоқларни рақамлаштириш нуқтаи назаридан муҳим эмас. Ишлаб чиқариш маълумотларини стандартлаштириш, автоматлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш унумдорликни ошириши ҳамда замонавий “ақлли” ишлаб чиқаришларни ривожлантириш учун замин яратиши мумкин.
Кадрлар тайёрлаш ҳам муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда фаолият юритаётган Жанубий Кореянинг тўртта университети — Ёджу, Инҳа, Пучон ва Кимё халқаро университети филиалларида иқтисодиётнинг янги тармоқлари учун муҳандислар, IT мутахассислари ва технологлар тайёрланмоқда.
Таълим йўналиши EPS тизими доирасида ўзбекистонлик мутахассисларни Корея Республикасида уюшган ҳолда ишга жойлаштириш билан тўлдирилмоқда. Кореянинг саноат ва кемасозлик корхоналаридаги меҳнат фаолияти уларга амалий кўникмаларни эгаллаш ҳамда замонавий ишлаб чиқариш маданияти билан танишиш имконини бермоқда.
Ушбу механизмнинг аҳамияти босқичма-босқич меҳнат мобиллиги доирасидан чиқиб бормоқда. Ўзлаштирилган компетенциялардан самарали фойдаланилган тақдирда, у ишлаб чиқариш тажрибаси ва касбий билимларни трансфер қилиш каналларидан бирига айланиши мумкин.
Молиявий воситалар, технологиялар ва кадрлар тайёрлашнинг уйғунлиги ишлаб чиқариш кооперациясини чуқурлаштириш учун зарур асосни шакллантирмоқда.
Икки томонлама шерикликдан минтақавий ҳамкорлик сари
Ўзбекистон–Корея ҳамкорлигининг Корея Республикаси ва Марказий Осиё ўртасидаги минтақавий кун тартибига киритилиши қўшимча имкониятлар очмоқда.
2026 йил 16–17-сентябрь кунлари Сеул шаҳрида Корея Республикаси ва Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбарларининг биринчи саммитини ўтказиш режалаштирилган. Янги формат Сеулнинг минтақага саноат, технологик ва ресурс кооперацияси учун истиқболли йўналиш сифатида қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.
Мазкур формат Ўзбекистон учун янги имкониятлар очади. Йирик ички бозор, салмоқли демографик салоҳият, бой ресурс базаси ва ривожланаётган саноат мамлакатнинг муҳим устунликларидир. Корея бизнеси ва молия институтлари билан ҳамкорликда тўпланган катта тажриба ҳам Ўзбекистоннинг минтақадаги мавқейини мустаҳкамлайди.
Ушбу омиллар мажмуи Ўзбекистонга Корея Республикасининг Марказий Осиё билан саноат ва технологик ҳамкорлигидаги етакчи майдонлардан бири сифатида ўрин эгаллаш имконини беради.
Ишлаб чиқариш занжирларини изчил ривожлантириш, технологияларни маҳаллийлаштириш ва кадрлар тайёрлаш Ўзбекистон–Корея ҳамкорлигини Марказий Осиёда инвеститсиявий шерикликдан саноат ва технологик кооперацияга ўтишнинг ёрқин намуналаридан бирига айлантириши мумкин.
Дмитрий Тростянский
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими,
иқтисодиёт фанлари доктори.