Ўзбекистон ва Корея: ҳамкорликда рақамли тараққиёт сари
Олий Мажлис Сенатига Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазири Юн Хо Чжун бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва уларни янада чуқурлаштириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, сунъий интеллект технологияларини давлат бошқарувига кенг жорий этиш, электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш ҳамда мазкур соҳаларда замонавий қонунчилик базасини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Мулоқотда иқлим ўзгариши оқибатида ортиб бораётган табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларга тезкор ва самарали жавоб қайтариш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан, Корея Республикасининг илғор тажрибаси асосида фавқулодда вазиятлар хавфини барвақт аниқлаш, аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш, эвакуация жараёнларини самарали ташкил этиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган рақамли ечимларни ҳудудлар ҳамда маҳаллалар даражасида жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бунда маҳаллий кенгашлар депутатларининг мазкур ташаббусларни жойларда самарали амалга оширишдаги ўрни ва масъулияти алоҳида қайд этилди.
Томонлар мамлакатимиздаги корейс диаспорасининг Ўзбекистон ва Корея халқлари ўртасидаги дўстлик ришталари, маданий-гуманитар алоқалар ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашдаги беқиёс ҳиссасини юксак баҳолади. 2027 йилда Ўзбекистонда корейс диаспораси яшаб келаётганининг 90 йиллиги кенг нишонланиши икки мамлакат ўртасидаги тарихий дўстлик ва ўзаро ҳурматнинг ёрқин ифодаси экани таъкидланди.
Учрашув якунида парламентлараро ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш, ўзаро манфаатли ташаббус ва лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, амалий шерикликни янги мазмун билан бойитиб боришга эътибор қаратилиб, томонлар Ўзбекистон–Корея муносабатларини изчил ривожлантириш ва стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқишга қатъий тайёр эканликларини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА