Ўзбекистон ва Индонезия исломий молиялаштириш механизмларини жорий этишга келишиб олди
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов Индонезия Ҳаж маблағларини бошқариш агентлигининг инвестициялар бўйича директори Индра Гунаван билан учрашув ўтказди.
Индонезия Ҳаж маблағларини бошқариш агентлиги давлат молиявий муассасаси ҳисобланиб, зиёратчилар маблағларини шариат тамойиллари асосида бошқаради ҳамда сукук, кўчмас мулк ва ислом ҳуқуқига мувофиқ келувчи бошқа воситалар орқали ҳаж экотизимини ривожлантиришга ихтисослашган.

Музокара чоғида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, исломий молиялаштириш механизмларини жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистонда сукук, муробаҳа ва ижара каби молиявий воситаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар ҳалол экотизимни ва зиёрат туризмини ривожлантириш имконияти, жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида меҳмонхона инфратузилмасини яратиш ҳамда Жануби-шарқий Осиё бозорларига йўналтирилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқди.
Учрашув якунида Индонезия томони V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга таклиф қилинди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА