Ўзбекистон ва Чехия энергетика соҳасида янги ҳамкорлик имкониятларини кенгайтирмоқда
Энергетика соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида турли мамлакатлар компаниялари билан мунтазам мулоқотлар олиб борилмоқда.
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятида ташкил этилган ана шундай учрашувда бу гал Чехиянинг етакчи энергетика компаниялари вакиллари иштирок этди.
Учрашув чоғида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва энергетика соҳасида қўшма ташаббусларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Мазкур учрашувда хорижий меҳмонлар томонидан ўз компаниялари фаолияти, соҳада қўлланилаётган замонавий технологиялар ҳамда энергия ишлаб чиқаришда самарадорликни оширишга қаратилган инновацион ечимлар бўйича батафсил тақдимотлар ўтказилди. Тақдимотлар давомида энергетика тизимини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, музокараларда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятининг мавжуд энергетик салоҳияти, ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда келгусидаги ривожланиш йўналишлари ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Томонлар соҳада тажриба алмашиш ва техник ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қизиқиш билдирди.
Учрашув якунларига кўра, хорижий компаниялар вакилларига “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимига кирувчи ҳудудий корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюриш таклифи билдирилди. Бу каби тадбирлар келгусида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА