Бугунги геосиёсий шароитда қўшни давлатлар ўртасидаги ишончли ва барқарор муносабатлар минтақавий тараққиётнинг муҳим шартига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида шаклланаётган янги ҳамкорлик модели Марказий Осиёда ўзаро ишонч, иқтисодий интеграция ва хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Сиёсий мулоқотларнинг фаоллашуви, транспорт ва энергетика соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, шунингдек чегарадош ҳудудлардаги ҳамкорлик икки қардош ўлкани минтақавий барқарорликни таъминловчи стратегик шерикларга айлантирмоқда.
Таҳлилчи Мубинабону Мадаминова фикрича, Марказий Осиёда сиёсий барқарорлик ва иқтисодий тараққиёт кўп жиҳатдан қўшни давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик даражасига боғлиқ. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар минтақадаги ҳамкорлик жараёнларида алоҳида ўрин тутади. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар нафақат ўзаро манфаатларга хизмат қилади, балки минтақавий интеграция, сув ресурсларини бошқариш, энергетика хавфсизлиги ҳамда умумий хавфсизлик сиёсатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида қўшни давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор йўналишга айлангани муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “яхши қўшничилик ва минтақавий ҳамкорлик” тамойили икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ишончни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлди, дейиш мумкин. Натижада узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган айрим сиёсий ва иқтисодий муаммолар босқичма-босқич ҳал этила бошлади.
Сиёсий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши икки давлат муносабатларини янги босқичга олиб чиқиб, уларнинг минтақавий барқарорликни таъминлашдаги ролини янада оширди. Хусусан, 2018 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега амалга оширган давлат ташрифи мамлакатларимиз муносабатларида тарихий бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланди. Ушбу ташриф давомида йигирмадан ортиқ ҳукуматлараро ҳужжатлар имзоланди, шунингдек узоқ йиллар давомида ёпиқ бўлиб келган бир қатор чегара ўтиш пунктлари қайта очилди. Бу эса савдо, транспорт ва инсонлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга хизмат қилди.

Чегара масалалари ҳам айнан шу даврдан бошлаб дипломатик музокаралар орқали босқичма-босқич ҳал этила бошлади. Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг умумий узунлиги қарийб 1330 километрни ташкил этади. Мустақилликдан кейинги йилларда унинг айрим қисмларида делимитация ва демаркация масалалари очиқ қолган эди. 2018-2022 йиллар давомида икки давлат ҳукуматлари томонидан тузилган қўшма комиссиялар мунтазам музокаралар олиб бориб, чегаранинг асосий қисмини ҳуқуқий жиҳатдан белгилашга эришди. Бу жараён натижасида чегара ҳудудларида эҳтимолий низолар хавфи камайди ва савдо ҳамда транспорт алоқаларини ривожлантириш учун қулай шароит яратилди.
Иқтисодий ҳамкорлик ҳам икки давлат ўртасидаги яқинлашувнинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилга келиб Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 1 миллиард долларга яқинлашди. Бу эса 2018 йилга нисбатан қарийб беш баробар ўсишни англатади. Савдо айланмасининг ошишига транспорт инфратузилмасининг тикланиши ва янги логистика йўналишларининг очилиши катта ҳисса қўшди. Жумладан, Самарқанд-Панжикент автомобиль йўли орқали савдо ва туризм алоқалари сезиларли даражада фаоллашди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва саноат товарлари айирбошлаш ҳажми ҳам ортиб бормоқда.
Сув ва энергетика соҳаси эса икки давлат муносабатларида стратегик аҳамиятга эга йўналишлардан бири ҳисобланади. Тожикистонда барпо этилаётган Роғун гидроэлектр станцияси Марказий Осиёдаги энг йирик энергетик лойиҳалардан бири саналади. Илк босқичларда мазкур лойиҳага нисбатан эҳтиёткор муносабат билдирилган бўлса-да, кейинги йилларда томонлар сув ва энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини тан олмоқда. Бу эса минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва энергетик барқарорликни таъминлашга қаратилган янги ёндашувлар шаклланаётганини кўрсатади.
Энергетика соҳасидаги муҳим ташаббуслардан яна бири CASA-1000 лойиҳасидир. Унинг тўлиқ номи “Central Asia – South Asia Electricity Transmission and Trade Project”, яъни “Марказий Осиё – Жанубий Осиё электр энергиясини узатиш ва савдо лойиҳаси” деб юритилади. Мазкур лойиҳа доирасида Марказий Осиё давлатларида ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини Афғонистон орқали Покистонга етказиб бериш режалаштирилган. Унда Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Покистон асосий иштирокчи давлатлар сифатида қатнашмоқда. Ташаббусни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётган йирик халқаро институтлар қаторига Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки ҳамда қатор бошқа молиявий ташкилотлар киради. Ушбу лойиҳа минтақавий энергетика ҳамкорлигини мустаҳкамлаш билан бирга, Марказий Осиё мамлакатларининг глобал энергия бозорларига чиқиш имкониятларини ҳам кенгайтириши билан аҳамиятлидир.
Хавфсизлик масалалари ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Икки давлат ҳам Афғонистондаги сиёсий вазият Марказий Осиё хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатишини яхши англайди. Шу боис терроризм, экстремизм ва наркотик моддалар савдосига қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик изчил равишда кучайтирилмоқда. Бу йўналишдаги ҳамкорлик нафақат икки томонлама форматда, балки минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги қўшма ташаббуслар минтақавий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг изчил ривожланиши Марказий Осиёда барқарорлик ва интеграция жараёнларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Сиёсий ишончнинг мустаҳкамланиши, иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши, сув ва энергетика соҳасида мувозанатли ёндашувнинг шаклланиши ҳамда хавфсизлик масалаларидаги ҳамкорлик мамлакатларимизни минтақавий муносабатларнинг муҳим жиҳатларидан бирига айлантирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА