Ўзбекистон ташаббуслари глобал ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Бугун янги Ўзбекистоннинг овози жаҳон узра тобора баралла янграмоқда. Мамлакатимизда кечаётган туб ўзгаришлар жаҳон ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Шу кунларда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳида Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича Юқори даражадаги форум бўлиб ўтмоқда.
Ушбу форумнинг аҳамияти ва унда Ўзбекистоннинг тутган йўли, мавқеи, қараши, позицияси қандай экани хусусида Барқарор ривожланиш маркази директори Элёржон Саминов ЎзА мухбирига интервью берди:
– Дарҳақиқат, шу кунларда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳида Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича Юқори даражадаги форум бўлиб ўтмоқда. 7–15 июль кунлари ташкил этилган мазкур нуфузли анжуман БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш юзасидан давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, эришилган натижаларни баҳолаш, келгуси вазифаларни белгилаб олишга хизмат қилувчи энг муҳим глобал сиёсий мулоқот майдони ҳисобланади.
Бу йилги форум “Барча учун барқарор келажакни таъминлаш мақсадида 2030 кун тартиби ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича трансформациявий, адолатли, инновацион ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар” мавзусига бағишланган. Унда БМТга аъзо давлатлар ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, парламентлар, маҳаллий ҳокимиятлар, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар ҳамда хусусий сектор вакиллари иштирок этмоқда.

Форумнинг асосий вазифаси 2030 йилгача белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш жараёнини ҳар томонлама таҳлил қилиш, давлатларнинг миллий тажрибасини ўрганиш, илғор амалиётларни оммалаштириш, ихтиёрий миллий ҳисоботларни муҳокама қилиш ҳамда глобал муаммоларни ҳал этиш бўйича халқаро ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқишдан иборат. Айниқса, бу йилги форумда Барқарор ривожланиш мақсадларининг бешта устувор йўналиши — тоза сув ва санитария (6-мақсад), арзон ва тоза энергия (7-мақсад), саноат, инновациялар ва инфратузилма (9-мақсад), барқарор шаҳарлар ва аҳоли пунктлари (11-мақсад) ҳамда мақсадлар йўлида глобал шериклик (17-мақсад) бўйича эришилаётган натижалар ва келгуси вазифалар чуқур муҳокама қилинмоқда.
Бугунги кунда иқлим ўзгариши, сув танқислиги, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, иқтисодий беқарорлик каби глобал чақириқлар кучайиб бораётган бир шароитда мазкур форум давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу жараёнларда Ўзбекистон ҳам фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимиз делегацияси форум доирасида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича эришилган натижалар, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатимизнинг халқаро ташаббусларини тақдим этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон вакиллари БМТнинг 6-мақсади — “Тоза сув ва санитария”га бағишланган юқори даражадаги махсус тадбирда иштирок этиб, сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, трансчегаравий сув ҳамкорлигини ривожлантириш ва Оролбўйида экологик барқарорликни таъминлашга оид ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга тақдим этмоқда.
Шунингдек, форум доирасида мамлакатимиз вакиллари БМТ агентликлари, халқаро молия институтлари ва қатор давлатлар делегациялари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиб, барқарор тараққиёт соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг БМТ майдонида илгари сураётган ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Бунинг ёрқин тасдиғи сифатида 2026 йил 20 май куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни кучайтириш” тўғрисидаги резолюция бир овоздан қабул қилинди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурилган эди. Қисқа вақт ичида ушбу ғоя халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, резолюция лойиҳаси дунёнинг 66 давлати ҳаммуаллифлигида қабул қилинди. Ҳужжат Марказий Осиёда иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, транспорт ва логистика ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, савдо муносабатларини кенгайтириш, сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Аслида, Нью-Йоркда ўтаётган Юқори даражадаги сиёсий форумда кўрилаётган масалалар мазкур резолюцияда белгиланган устувор вазифалар билан ҳамоҳанг. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари глобал кун тартибининг муҳим қисмига айланиб бораётганини кўрсатади.
Мазкур форум Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадлари миллий тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Сўнгги йилларда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш, рақамли трансформация, гендер тенглик, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш, иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва ҳамкорликни кучайтиришга оид қатор муҳим резолюциялар қабул қилинди. Бу ташаббуслар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича глобал саъй-ҳаракатлари билан узвий боғлиқ бўлиб, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамламоқда.
Нью-Йоркдаги форумда Ўзбекистоннинг фаол иштироки мамлакатимизнинг глобал барқарор тараққиёт жараёнларида фаол ва масъулиятли ҳамкор сифатидаги ўрнини яна бир бор яққол намоён этди. Бу эса юртимизнинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда 2030 йилгача белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида халқаро ҳамжамият билан яқин шериклик асосида изчил фаолият юритаётганининг ёрқин тасдиғи.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова ёзиб олди.