Ўзбекистон таълим сифатини таъминлаш тизими АҚШнинг халқаро сифатни таъминлаш ҳамжамиятига қўшилди
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги АҚШнинг Олий таълимни аккредитациялаш кенгаши (CHEA) ҳузуридаги Халқаро сифатни таъминлаш гуруҳи (CIQG)нинг тўлақонли аъзолигига қабул қилинди.
Мазкур қадам Ўзбекистонда таълим сифатини таъминлаш тизимининг халқаро майдонга интеграциялашуви, шунингдек, етакчи хорижий сифатни таъминлаш ва аккредитация ташкилотлари билан институционал ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Олий таълимни аккредитациялаш кенгаши 3 мингга яқин диплом берувчи коллеж ва университет ҳамда 60 дан ортиқ институционал ва дастурий аккредитация ташкилотларини бирлаштиради.
У АҚШда олий таълимни аккредитациялаш, академик сифат ва аккредитация ташкилотларини тан олиш масалалари бўйича асосий миллий институтлардан бири ҳисобланади.
Жорий йилда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги олий таълим сифатини таъминлаш соҳасидаги бир қатор йирик халқаро ва минтақавий тармоқларга ҳам қўшилди.
Хусусан, INQAAHE — 300 дан ортиқ сифатни таъминлаш ва аккредитация ташкилотларини бирлаштирувчи глобал тармоқ;
APQN — 45 дан ортиқ мамлакат ва ҳудуддан 200 дан зиёд ташкилотни бирлаштирувчи Осиё-Тинч океани минтақавий тармоғи;
CEENQA — 28 мамлакатдан 46 та ташкилотни бирлаштирувчи Марказий ва Шарқий Европа тармоғи;
ENQA — Европа олий таълимида сифатни таъминлаш ассоциацияси билан ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилган.
Бу ҳамкорликлар Ўзбекистонда таълим сифатини баҳолаш ва аккредитациялаш тизимини халқаро мезонлар асосида янада такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибани жорий этиш ҳамда миллий таълим тизимининг халқаро майдондаги нуфузини оширишга замин яратади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА