Россия Федерацияси Омск вилоятининг губернатори Виталий Хоценко бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Бухорода бўлди.
Учрашув ва мулоқотларда мазкур ташриф икки ҳудуд ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлгани эътироф этилди.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов бугунги кунда Ўзбекистон – Россия муносабатлари кўпқиррали стратегик иттифоқчилик ва ишончли ҳамкорлик даражасига кўтарилганини қайд этди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда Бухоро вилояти ва Россия Федерацияси савдо-иқтисодий ҳамкорлигида салмоқли натижаларга эришилди. Россия Федерацияси Бухоро вилояти билан ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган етакчи уч давлат қаторидан жой олган. 2024 йил якунлари бўйича вилоят билан Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси 380,0 миллион долларга етди. Жумладан, экспорт ҳажми 92,0 миллион долларни, импорт ҳажми эса 288,0 миллион долларни ташкил этди.

Вилоят раҳбари ҳамкорлик ишлари янги босқичда давом этишини билдириб, икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, туризм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратди. Омсклик тадбиркорларни Бухорога келиб, иқтисодий-инвестициявий имкониятлар билан танишиш, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди.
Омск вилояти губернатори Виталий Хоценко икки ҳудуд ҳамкорлигини янада ривожлантиришни, қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилишини билдирди.

– Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида минтақамизнинг асосий ҳамкорларидан биридир. Омсклик тадбиркорлар Ўзбекистонга тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиб, кимё маҳсулотлари ва ёғоч етказиб бермоқда. Ҳамкорлик бу билан чекланмайди, деярли барча соҳаларни қамраб олади. Ишонаманки, учрашувимиз Омск ва Бухоро вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги қадам бўлади, – деди губернатор.

Делегация аъзолари “Бухоро Агрокластер ДЗЗ”, “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖларда ҳамда “Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат паркида ҳам бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.