Ўзбекистон қурилиш бозорининг хорижий инвесторлар учун жозибадорлиги ортиб бормоқда
Мамлакатимизда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг драйвер тармоқларидан бири сифатида инвестициялар жалб этиш бўйича юқори суръатларни намоён этмоқда. Янги турар-жойлар, саноат объектлари, ижтимоий инфратузилма ва муҳандислик коммуникацияларини барпо этишга қаратилаётган сармоялар ҳажмининг ортиши тармоқнинг иқтисодий аҳамиятини янада кучайтирмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–март ойларида қурилиш соҳасида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан асосий капиталга 16,8 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди. Бу кўрсаткич мамлакат бўйича асосий капиталга йўналтирилган жами инвестицияларнинг 10,8 фоизига тенг бўлди.
Эътиборли жиҳати шундаки, ўзлаштирилган маблағларнинг 12,7 триллион сўми хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса Ўзбекистон қурилиш бозорининг хорижий инвесторлар учун жозибадорлиги ортиб бораётганини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда соҳага киритилаётган инвестициялар ҳажми барқарор ўсиш тенденциясини намоён этмоқда. Хусусан, 2022 йилнинг биринчи чорагида қурилиш соҳасига 3,9 триллион сўм инвестиция йўналтирилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 4,5 триллион сўмга етган. 2024 йилда эса инвестициялар ҳажми кескин ошиб, 9,6 триллион сўмни ташкил этган.
2025 йилда маълум даражада пасайиш кузатилиб, кўрсаткич 7,9 триллион сўмни ташкил этган бўлса-да, 2026 йилнинг биринчи чорагида инвестициялар ҳажми 16,8 триллион сўмга чиқиб, нафақат ўтган йилги кўрсаткичдан икки баробардан кўпроққа, балки сўнгги беш йилдаги энг юқори даражага етди.
Мутахассисларнинг фикрича, қурилиш соҳасидаги бундай ўсиш янги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши, шаҳарсозлик дастурларининг кенгайиши, инфратузилма объектларига талабнинг ортиши ҳамда хусусий сектор фаоллигининг кучайиши билан изоҳланади.
Қурилиш соҳасига йўналтирилаётган сармояларнинг кўпайиши нафақат янги объектлар барпо этилишига, балки минглаб янги иш ўринлари яратилиши, қурилиш материаллари саноати ривожланиши ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ҳам қўшимча иқтисодий фаоллик шаклланишига хизмат қилмоқда.
Шу тариқа, 2026 йилнинг биринчи чораги якунлари қурилиш соҳаси мамлакат иқтисодиётида инвестициялар жалб этиш бўйича энг фаол йўналишлардан бирига айланаётганини яна бир бор тасдиқлади. Инвестициялар ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши келгуси даврда ҳам тармоқ ривожининг муҳим омили бўлиб қолиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА