Ўзбекистон-Қирғизистон: энергетика тизимларининг самарали назорати бўйича ҳамкорлик ривожлантирилади
Энергетика соҳасида самарали назоратни таъминлаш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва таъминот барқарорлигини ошириш бугунги кунда ҳар бир давлат олдида турган устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, глобал ўзгаришлар шароитида энергетика тизимларини модернизация қилиш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва соҳадаги институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, халқаро ҳамкорлик доирасидаги мулоқотлар, тажриба алмашуви ва қўшма ташаббуслар энергетика назорати тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Бу борада “Ўзэнергоинспекция” ва Қирғиз Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Энергетика назорати хизмати делегацияси ўртасида ўтказилган учрашув муҳим аҳамиятга эга.
Учрашувда томонлар соҳада эришилган натижалар, амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида фикр алмашди. Шунингдек, энергия таъминоти ишончлилигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар автоматик ўчишлар сабабларини муҳокама қилиб, уларни таҳлил қилиш ва олдини олиш бўйича тажриба алмашди. Бу нафақат миллий энергетика тизимларининг самарадорлигини оширишга, балки узоқ муддатли барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Инспекция ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур учрашув икки мамлакат энергетика инспекциялари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишда илк қадам бўлиб, келгусида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни ривожлантириш учун асосий платформани ташкил этади. Шу каби мулоқотлар нафақат миллий энергетика тизимларининг самарадорлигини ошириш, балки минтақавий барқарорликни таъминлашга ҳам ҳисса қўшади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА