Ўзбекистон Миллий архивида “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов ҳамда Қирғиз Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчи Дуйшенкул Чотонов бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда “Ўзархив” агентлиги ва Қирғиз давлат архивлари ўртасида архив соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Икки қардош халқлар тарихи ва маданиятини, архив ҳужжатларини ҳар икки давлат архивларида тарғиб этиш, ҳужжатларни рақамлаштириш, қўшма кўргазмалар ва нашрлар ташкил этиш, архивларда тадқиқотчиларга кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорликдаги масалалар кун тартибининг асосий мавзуси сифатида кўрилди.

Учрашувда қайд этилганидек, “Ўзархив” агентлиги билан Қирғиз Республикаси Рақамли ривожланиш вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум Бишкек шаҳрида 2022 йил 3 ноябрда имзоланган бўлиб, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида томонлар ўзаро манфаатли шартлар асосида Марказий Осиё халқлари тарихи, юртимиздаги қирғиз диаспораси тарихи, Қирғиз Республикасидаги ўзбек диаспораси тарихи ва бошқалар бўйича қўшма илмий тадқиқот лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда.

Учрашув сўнгида Ўзбекистон Миллий архиви фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида сақловхона, реставрация, рақамлаштириш хонаси, ўқув зали, музей ва кўргазмалар зали бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Хорижий меҳмонлар архивда ҳужжатлар сақловини таъминлаш, уларни реставрация ва рақамлаштириш жараёнлари билан таништирилди.
Мазкур ташриф доирасида Д.Чотоновга “Ўзархив” агентлиги номидан эсдалик совғалари тақдим этилди. Архивдаги шарт-шароитлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди, келгусида ҳамкорлик қилиш режалаштирилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА