Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Токиога расмий ташрифи доирасида 19 декабрь куни Япония иқтисодиёт, саноат ва савдо вазири Рёсэй Аказавани қабул қилди.
Ўзбекистон – Япония стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Япониянинг Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялари жадал ўсиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони 10 баравар, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати эса 20 миллиард доллардан ошди.
Савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, муқобил энергетика, карбонсизлантириш, ўта муҳим хомашё каби кўплаб соҳаларда саноат кооперациясини чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш учун вазирлар даражасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузиш муҳим экани таъкидланди.
Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO) ва МДҲ мамлакатлари билан савдо бўйича ассоциациясининг (ROTOBO) фаол иштирокида ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.
