Ўзбекистон Президенти ТДТ саммитида муҳим ташаббусларни илгари сурди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитида иштирок этди.
“Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик” шиори остида ўтказилган тадбирда Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Озарбайжон Республикаси ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам қатнашди.

Саммит иштирокчилари кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиб, аъзо давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболларини кўриб чиқдилар.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқининг аввалида мазкур йиғилиш буюк цивилизациялар чорраҳасида жойлашган Анқарада юксак савияда ташкил этилгани учун Туркия Президентига миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, тадбир арафасида сўлим “Бештепа” боғида давлатларимизнинг миллий-маданий мажмуаси очилиши қардош халқларнинг муштарак меросини асраб-авайлашда муҳим қадам бўлгани ва бу рамзий ёдгорлик туркий дунё бирлигининг ёрқин тимсолига айланиши қайд этилди.
Президентимиз бугунги кунда халқаро муносабатлар тизими тубдан ўзгариб, геосиёсий рақобат кескинлашаётганини, туркий дунё атрофидаги минтақаларда кузатилаётган зиддиятлар хавфсизлик ва тараққиёт истиқболларига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

Шу боис, Туркий давлатлар ташкилотини ўзаро ишонч ва амалий шериклик майдони сифатида янада жипслаштириш зарурлигига эътибор қаратди.
– Барчамиз ушбу эзгу йўлда якдилмиз ва ўз куч-ғайратимизни туркий бирдамлик учун сафарбар этишга тайёрмиз, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Давлатимиз раҳбари туркий давлатлар ўртасида ҳамкорликни янги босқичга кўтариш юзасидан қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Ташкилот доирасида долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан мунтазам сиёсий маслаҳатлар ўтказиш, ёндашув ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳим. Шу мақсадда учинчи мамлакатлар билан “Туркий давлатлар ташкилоти плюс” форматидаги ҳамкорликни соҳавий вазирлар учрашувларидан бошлаш таклиф этилди.
– Ушбу мулоқотлар савдо, транспорт, инвестиция ва бошқа устувор йўналишларда аниқ қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилиши лозим, – таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Юзта стратегик қўшма инвестиция ва саноат лойиҳасини қамраб олувчи, жумладан, нодир минералларни қайта ишлаш ва “яшил” энергетика ускуналарини маҳаллийлаштиришга қаратилган “Туркий дунё – 100” дастурини қабул қилиш таклиф қилинди. Ушбу лойиҳаларга Туркий инвестиция жамғармаси ва халқаро молиявий институтлар ресурсларини йўналтириш муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун “Тижорат ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги кўп томонлама шартнома ҳамда ҳуқуқий ёрдам сўровлари ва ҳужжатларни электрон алмашишга мўлжалланган рақамли платформани ташкил этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.
Глобал таъминот занжирлари ўзгараётган ҳозирги шароитда туркий давлатларнинг географик ўрни ва транзит имкониятлари тобора стратегик аҳамият касб этмоқда.
Ўрта коридорни яхлит иқтисодий тизимга айлантириш мақсадида “Туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи”ни ташкил этиш ва биргаликда бошқариш таклиф қилинди. Бу халқаро юк ташиш ва логистикада давлатларимизнинг иштирокини кенгайтириш ҳамда иқтисодий манфаатдорликни ошириш имконини беради.
Туризм салоҳиятини кенгайтириш учун эса “Туркий туризм альянси”ни тузиш, шунингдек, аҳолининг ўзаро сафарларини соддалаштириш ва ID-карталар асосида сафар қилиш имкониятларини кенгайтирувчи кўп томонлама битим ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Юртимизда хорижлик ёшлар учун таъсис этилган “Янги Ўзбекистон стипендияси” доирасида туркий давлатлар вакилларига ҳар йили таълим грантлари ажратилиши билдирилди.
Шунингдек, 2027 йилни “Табиатни асраш йили” деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик изҳор қилинди ҳамда Ўзбекистон таклифи билан таъсис этилган буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотнинг Қозоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, элчи Дюсен Касеиновга топширилгани мамнуният билан эътироф этилди.
Бутун умрини туркий тил равнақига бағишлаган ҳазрат Алишер Навоий “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз”, деб таъкидлаган эди. Бугунги саммит шиоридан келиб чиқиб, барча туркий халқлар учун бирдек тушунарли бўлган ва тилларимиздаги муштарак сўзларни жамлайдиган “Умумтуркий сўзлар луғати”ни яратиш ташаббуси илгари сурилди.
– Ишончим комилки, бугунги Анқара саммити олижаноб мақсадимиз, бирдамлик ғоямиз ва улуғвор режаларимизга эришиш йўлида муҳим қадам бўлади. Зеро, барчамизнинг орзу-истакларимиз ва интилишларимиз муштарак. Биз бир бўлсак, янада қудратлимиз. Ҳамжиҳат бўлсак, янада юксак марраларга албатта эришамиз, – деди давлатимиз раҳбари ўз нутқи якунида.
Тадбирда ташкилотнинг янги Бош котиби лавозимига Ўзбекистон вакили Мирвоҳид Азимов номзоди қўллаб-қувватлангани, шунингдек, навбатдаги саммит келгуси йили Ўзбекистонда ўтказилиши маълум қилинди.
Якунда Анқара декларацияси ҳамда ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинди.