Ўзбекистон – Покистон: Қадим ришталар мустаҳкамланмоқда
Мамлакатлар ўртасидаги ҳудудий яқинлик тил, анъана ва урф-одатларда ҳам акс этади. Шу тариқа ўзаро муносабатда илиқлик, яқинлик, бир-бирини англаш эшиклари очилаверади. Шундай мамлакатлар сирасига кирадиган Ўзбекистон ва Покистонни боғлаб турувчи ришталардан бири адабий алоқалардир.
Тарихдан маълумки, Бобурийлар сулоласи асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур, шунингдек Муҳаммад Иқбол, Мирзо Ғолиб каби улуғ мутафаккир шоҳ ва шоирларнинг мумтоз мероси асрлар оша икки халқ орасида мустаҳкам кўприк вазифасини ўтаб келмоқда.
Яқин тарихга тўхталадиган бўлсак, 1991 йил 20 декабрда Покистон Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олди. Дипломатик муносабат эса 1992 йил 10 майда ўрнатилди. Шундан бери давлатларимиз ўзаро ҳурмат ва муштарак манфаат асосида фаол сиёсий мулоқот қилмоқда. Айниқса сўнгги йилларда мамлакатларимиз ҳамкорлиги мутлақ янги босқичга чиқди.
Хусусан, 2021 йил 15-16 июль кунлари Ўзбекистонга олий даражадаги ташриф якунлари бўйича Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида Қўшма декларация, ҳамда анъанавий янги йўналишларни қамраб олган салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди. Президентимиз 2022 йил 3-4 март кунлари расмий ташриф билан Покистонда бўлди. Икки давлат раҳбари Ўзбекистон ва Покистон ўртасида Стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича янги қадамлар тўғрисида Қўшма декларация имзолади. Ташриф доирасида бўлиб ўтган бизнес-форумда томонлар 10 га яқин ҳужжат имзолади. Бу эса ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма савдо ва инвестиция лойиҳалари кўламини кенгайтиришга асос бўлди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам мамлакатларимиз алоқаларни жадал ривожлантирмоқда.
Маълумки, 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф мамлакатимизга келди. Ташриф доирасида Покистон раҳбарини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди. Давлат етакчилари икки томонлама ҳамкорликнинг барча масалалари, жумладан савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-транзит соҳаларини кўриб чиқди. Сиёсий учрашувлар натижаси ўлароқ, икки томон вазирлик ва идоралари ўртасида конструктив муносабат ўрнатилиб, олий даражада эришилган стратегик аҳамиятга эга қўшма лойиҳаларни тезкорлик билан амалга ошириш имкони пайдо бўлган. Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида сўнгги пайт кузатилаётган фаоллик иқтисодий шерикликни кенгайтирмоқда.
Сўнгги икки-уч йилда ўнга яқин икки томонлама бизнес-форум, В2В, G2D учрашувлари, саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмалари мунтазам ўтказилмоқда. 2024 йил июнда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Покистон бизнес-форуми доирасида “Made in Pakistan” кўргазмаси ва транспорт-логистика форуми ташкил қилинди. Кўргазмада Покистоннинг тўқимачилик, кимё, фармацевтика, тиббиёт, маиший ва электротехника саноати, қурилиш материаллари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 110 дан ортиқ етакчи компанияси маҳсулотлари намойиш этилди.
Ўша йили ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия 9-йиғилиши доирасида ҳам бизнес-форум, G2B ва B2B форматларида учрашувлар уюштирилди.
Ўтган йил ноябрь ойи охирида Лаҳор шаҳрида ўтган тўқимачилик саноати, чарм ва жунни қайта ишлаш, фармацевтика, ахборот технологиялари, маиший техника, озиқ-овқат, қоғоз саноати ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган 60 дан ортиқ тадбиркор иштирокидаги бизнес-форумда Ўзбекистоннинг “Artel” ва “Imzo” компаниялари вакиллари маҳсулотлар ва сармоявий таклифлар тақдимоти ўтказилди. Покистонлик шериклар билан маиший техника ишлаб чиқариш ва учинчи давлатларга экспорт қилиш бўйича келишувга эришилди.
Жорий йил ҳам иқтисодий муносабатни чуқурлаштиришга хизмат қиладиган қатор тадбирлар билан ёдда қолади. Хусусан, февралда Лаҳор шаҳрида “Made in Uzbekistan” миллий саноат маҳсулотлари кўргазмаси ташкил қилиниб, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги раҳбарияти бошчилигидаги 150 дан ортиқ тадбиркордан иборат мамлакатимиз делегацияси ҳамда Покистоннинг 50 дан ортиқ ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Қувонарлиси, уч кун давом этган кўргазмада 80 мингдан ортиқ киши Ўзбекистон саноат маҳсулотлари ва ҳамкорлик имконияти билан танишди. 500 дан ишбилармон қатнашган В2В учрашувларида янги савдо шартномалари тузиш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Якунда умумий қиймати 500 миллион долларлик 181 шартнома имзоланди.
Иқтисодий ҳамкорлик ривожига таъсир этувчи асосий омиллардан яна бири транспорт йўналишидир. Шу боис Ўзбекистон ҳам, Покистон ҳам транспорт-логистика соҳасидаги алоқаларни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратяпти.
Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар муносабатлар Ўзбекистон ва Покистон халқларининг мустаҳкам тарихий алоқалари, Буюк ипак йўли умумий маданий анъаналари, ислом цивилизацияси, тарихий шахслар Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Бобурийлар сулоласи вакиллари мероси асосида ривожланяпти.
Қадим заминимизда дунёга келган буюк салтанат соҳиби, замонавий Покистон ҳудудини барпо этган ҳазрат Бобур ҳаётига бағишланган бадиий фильмни суратга олиш бўйича ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўтган аср сўнгги 10 йиллигидан буён турли тадбирлар, фан ва маданият арбоблари делегациялари сафарларини мунтазам ташкил этувчи “Ўзбекистон – Покистон” дўстлик жамияти фаолият кўрсатяпти. Тошкент давлат шарқшунослик университетида қарийб 75 йилдан буён урду тили, адабиёти ва Покистон тарихи бўйича талабалар сабоқ олмоқда. Покистонда ҳам ўзбек тили ва тарихини ўрганишга қизиқиш кескин ошган. Шу тариқа икки давлат ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар мустаҳкамланмоқда.
Мулоқот жараёнида парламентлараро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Парламент дипломатияси доирасида икки мамлакат вакиллик органларида дўстлик гуруҳлари ташкил этилган. Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни яхшилашга қаратилган қонунчилик ташаббуслари фаол илгари сурилмоқда. Парламентлараро ҳамкорлик учрашувлар, ўзаро ташрифлар, халқаро тадбирлардаги иштирок орқали мустаҳкамланяпти. Қўшма тадбирлар, фестиваль, кўргазма ва форумлар ташкил этилаётгани қувонарли.
Икки мамлакат шаҳарлари ўртасида ҳаво қатнови йўлга қўйилиши натижасида борди-келди кўпаймоқда. Покистонда муқаддас қадамжоларимиз, тарихий обидаларимизга қизиқиш жуда юқори. Хусусан, 2019 йил март ойида Исломободда Ўзбекистон Туризм ахборот маркази ташкил этилди. 2020 йил ушбу давлатда Нақшбандия тариқати етакчиси шайх Муҳаммад Ҳассан Хасиб ур-Раҳмон зиёрат туризми бўйича элчимиз этиб тайинланди. Исломободдаги Лок Вирса амалий санъат музейида 2022 йил маданиятимиз ва тарихимизга бағишланган доимий кўргазма очилди.
Мамлакатларимизда ўтказилаётган халқаро тадбирлар – кўргазма, сайёҳлик ярмаркаси, анжуман, маданият ва кино кунларида ўзаро делегациялар иштироки мунтазамлик касб этган. Покистонлик санъат усталари Ўзбекистонда ўтказилаётган “Шарқ тароналари”, мақом санъати ва бахшичилик санъати каби халқаро фестивалларнинг доимий меҳмони.
2024 йил Покистон делегацияси “Шаҳрисабз шаҳри Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туристик пойтахти” деб эълон қилингани муносабати билан ташкил этилган халқаро тадбирларда қатнашди. 22-24 апрель кунлари Исломободда бўлиб ўтган халқаро “Баҳор фестивали”да миллий павильонимиз очилди. Уч кун давом этган тадбир меҳмонлари мамлакатимизнинг бой тарихий, маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан танишди.
Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон – Покистон муносабати сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий ва инсонпрварлик соҳаларини ўз ичига олган. Айниқса, минтақавий хавфсизлик ва транспорт-логистика соҳасидаги шериклик масалаларида стратегик манфаатлар мос келиши алоқалар истиқболидан далолат.
Шу нуқтаи назардан икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари сиёсий мулоқотни янада ривожлантиради. Иқтисодиёт, савдо, транспорт, энергетика ва хавфсизлик каби муҳим соҳалардаги шериклик кўламини янада кенгайтиради.
Абдуғафур Маматов, ЎзА
Shuningdek, favqulodda vaziyatlarni boshqarish sohasida hamkorlik to‘g‘risidagi bitim, ikki mamlakat mudofaa vazirliklari o‘rtasida yo‘l xaritasi, Imtiyozli savdo bitimiga yangi tovarlar ro‘yxatini kiritish to‘g‘risidagi protokollar va O‘zbekistondan Pokistonga yangi olma, anjir, limon va achchiq qalampir eksporti uchun fitosanitariya talablari to‘g‘risidagi protokollar imzolandi.