Ўзбекистон кимё бозорида қайси маҳсулотларга талаб юқори?
Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан кимё саноатида ички бозорнинг маҳаллий маҳсулотлар билан таъминланганлик даражаси юзасидан таҳлил ўтказилди.
Ушбу ўрганишлар соҳада импорт ўрнини босиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва қўшимча қиймат занжирини кенгайтириш учун салмоқли имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2024 йил давомида мамлакатимизда 1 883 та маҳаллий корхона томонидан кимё саноатига оид 385 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бу тармоқда маҳаллийлаштириш жараёнлари фаоллашаётганини кўрсатса-да, айрим юқори технологияли ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар бўйича импортга эҳтиёж сақланиб қолмоқда.
Хусусан, ўтган йилда 92 та давлатдан жами 3,5 миллиард долларлик кимё маҳсулотлари импорт қилинган бўлиб, унинг асосий қисмини фармацевтика маҳсулотлари, косметика воситалари, органик кимёвий бирикмалар, турли пигментлар ҳамда саноат учун муҳим хомашёлар ташкил этган.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, 100 дан ортиқ турдаги кимё маҳсулотлари бўйича ички бозор ҳануз маҳаллий ишлаб чиқариш билан етарли даражада қамраб олинмаган. Бу эса соҳада янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий технологияларни жалб қилиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини англатади.
Таҳлиллар асосида айниқса, импорт улуши юқори бўлган йўналишларда маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи лойиҳалар сонини кўпайтириш ҳамда юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар улушини ошириш орқали ички бозор барқарорлигини таъминлаш мумкинлиги қайд этилди. Бу эса иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА