Рим шаҳридаги Рома Тре университетида ўтказилган Ўзбекистон ва Италия олий таълим муассасалари ректорларининг Иккинчи форуми давлатларимиз ўртасидаги олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, уни институционал ва тизимли асосда ривожлантиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги муносабатлар давлат раҳбарлари даражасидаги фаол ва очиқ мулоқотлар натижасида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Италияга расмий ташрифи, Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелланинг Ўзбекистонга ташрифи ҳамда Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Гиоргиа Мелонининг мамлакатимизга ташрифи доирасида ўтказилган учрашувлар ва имзоланган ҳужжатлар икки томонлама ҳамкорликка ҳам мустаҳкам замин яратди.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида ўтказилган ректорлар давра суҳбати агробиотехнология, узумчилик ва виночилик, кимёвий технология, терапия, археология, туризм ва меҳмондўстлик, органик қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда биоиқтисодиёт (circular economy) йўналишларида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувларга асос бўлди. Римдаги Иккинчи форум ана шу жараённинг мантиқий ва амалий давоми сифатида намоён бўлди.
Форумда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Ўзбекистон – Италия таълим ҳамкорлиги чуқур тарихий илдизларга эга эканини таъкидлади. Дастлаб ҳамкорлик асосан итальян тилини ўқитиш билан бошланган бўлса, бугунги кунда у кенг қамровли илмий, инновацион ва технологик шериклик даражасига кўтарилгани қайд этилди.

Статистик маълумотлар ҳам ҳамкорликнинг изчил кенгайиб бораётганини тасдиқлайди.
Сўнгги етти йил ичида Ўзбекистонда 100 дан ортиқ янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 207 тага етди. 32 та олийгоҳ хорижий университетлар филиаллари ёки ҳамкорлигида фаолият юритмоқда. Жумладан, Турин политехника университети Тошкент филиали ҳамда Писа университети билан йўлга қўйилган ҳамкорлик Ўзбекистон – Италия таълим алоқаларининг амалий ва барқарор моделига айланган.

Европа Иттифоқининг Erasmus+ дастури доирасида Ўзбекистон ва Италия олий таълим муассасалари иштирокида 30 га яқин қўшма лойиҳа амалга оширилган. Айни пайтда 300 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба Италиянинг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда, сўнгги икки йил ичида эса 100 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи Италия олийгоҳларида малака оширди. Бу кўрсаткичлар академик мобиллик ва илмий интеграциянинг изчил ривожланаётганини кўрсатади.
Римдаги форум доирасида 2025 йил январь ойида эълон қилинган қўшма илмий танлов натижалари ҳам расман тақдим этилди. 199 та таклиф орасидан энг юқори балл тўплаган 10 та лойиҳа Ўзбекистон–Италия Қўшма бошқарув қўмитаси томонидан молиялаштириш учун саралаб олинди. Ҳар бир лойиҳа икки давлат томонидан 1 миллион евро миқдорида қўллаб-қувватланади. Мазкур ташаббусларда Италиянинг 11 та олий таълим муассасаси иштирок этмоқда. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти аввал ҳам Erasmus+ ICM ва CBHE лойиҳалари доирасида Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлик қилган бўлиб, мавжуд тажриба янги илмий тадқиқотлар билан узвий боғланмоқда.

Форумда муҳандислик, сунъий интеллект, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат технологиялари, тиббиёт, фармацевтика ва парамедицина, туризм, мода ва дизайн каби устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, Иституто Марангони билан мода, дизайн, визуал коммуникация ва ижодий тадбиркорлик йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, University of Trento вакиллари билан қайта тикланувчи энергия, экологик барқарорлик ва “яшил” технологиялар соҳасида илмий алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан мулоқот ўтказилди.
Форум доирасида вазирнинг Италиянинг турли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан очиқ мулоқоти ҳам ташкил этилди. Унда грант ва стипендия имкониятлари, академик алмашинув дастурлари ҳамда ёш мутахассисларнинг келгусида Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиши масалалари муҳокама қилинди. Бу хорижда таҳсил олаётган ёшлар билан тизимли ва масъулиятли мулоқотни йўлга қўйиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Италия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Абат Файзуллаевнинг иштироки академик мулоқот дипломатик ҳамкорлик билан уйғунликда олиб борилаётганини намоён этди.
Бугунги кунда итальян тилини ўрганиш ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисмига айланган. Ўзбекистондаги қатор олий таълим муассасаларида юзлаб талабалар итальян тилини ўзлаштирмоқда. Бу эса сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун зарур интеллектуал ва маданий пойдевор яратмоқда.
Мазкур форум икки давлат ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқиш, қўшма тадқиқотларни кенгайтириш ва ёшларнинг глобал миқёсдаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қиладиган муҳим платформа бўлди. У олий таълим тизимини модернизация қилиш, халқаро илмий интеграцияни чуқурлаштириш ва инновацион ривожланишни жадаллаштириш борасидаги изчил сиёсатнинг амалий ифодаси сифатида баҳоланиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Халқаро академик мулоқот жараёнларини бевосита кузатиш, етакчи олий таълим муассасалари вакиллари билан фикр алмашиш ва глобал таълим тенденцияларини таҳлил қилиш бугунги олий таълимнинг замонавий қиёфасини шакллантиришда ҳамда халқаро олий таълимнинг стандартларини ютимизда жорий қилишда муҳим аҳамиятга эгадир. Форум доирасида шаклланган илмий ҳамкорлик муҳити ва конструктив мулоқот маданияти замонавий таълим дипломатиясининг амалий кўринишини ўзида ифода этади.
Шубҳасиз, Ўзбекистон – Италия ректорлари форуми икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, узоқ муддатли ва натижадор академик ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда илм-фан орқали барқарор тараққиётга эришиш йўлида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.
Ирода Бердиева,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти таянч докторанти.