Ўзбекистон Иқтисодий эркинлик рейтингида катта ўсишни қайд этди
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йил март ойида “Мерос” жамғармаси (“Heritage Foundation”) томонидан тайёрланган Иқтисодий эркинлик индекси ҳисоботи эълон қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистон бу рейтингда 184 мамлакат орасида 60,3 балл билан 86-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич 2025 йилга нисбатан 14 поғонага ошган. 2018 йилга нисбатан эса 66 поғонага ўсган.
Иқтисодий эркинлик индекси мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш даражаси, инвестиция муҳити ва бозор фаолиятини баҳолайди. Бу рейтинг Ўзбекистон учун энг муҳим халқаро кўрсаткичлардан бири бўлиб, ташқи майдондаги рейтинги ва имижи учун асосий аҳамиятга эга.
Сўнгги йилда “Fitch” ва “S&P” агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “BB-”дан “BB”га кўтарди, “Moody’s” эса рейтинг кутилмасини “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирди. Бу ҳукумат ва молиявий ташкилотлар учун янги қарзларни жалб қилиш харажатларини камайтирди ва 17 банк ҳамда корхоналарнинг рейтингига ижобий таъсир кўрсатди.
Мамлакатнинг иқтисодий эркинлик даражаси жаҳон ва минтақавий ўртача кўрсаткичлардан юқори бўлиб, Ўзбекистон биринчи марта “ўртача эркин” давлатлар қаторига кирди. Илгари эса мамлакат асосан эркин бўлмаган давлатлар қаторида ҳисобланарди.
Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистон рақобатбардош бозор иқтисодиётини ривожлантиришда сезиларли қадамлар қўймоқда. Ҳукумат банклар ва давлат корхоналарига аралашувни камайтирмоқда ва бизнесни бошлаш жараёнини енгиллаштирди. Меҳнат бозори ривожланиб бораётганига қарамай, норасмий секторда бандлик ҳали ҳам сезиларли даражада сақланяпти.
Шунингдек, инфляция босимига қарамасдан, пул-кредит сиёсати барқарорликни сақламоқда ва Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлининг сўнгги босқичида турибди. Эътиборлиси, Иқтисодий эркинлик индекси мамлакатдаги ислоҳотларни баҳолаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, бизнес муҳитини яхшилаш ва аҳоли турмуш даражасини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА