Ўзбекистон Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрнини яхшилади
Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотлар йўлида дадил қадам ташлаётгани халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Масалан, “The Heritage Foundation” томонидан эълон қилинган 2026 йилги “Index of Economic Freedom” таҳлилига кўра, 60.3 балл тўплаган мамлакатимиздунё рейтингида 86-ўринга кўтарилди. Бу ижобий натижа туфайли юртимиз илк бор расман иқтисодиёти “ўртача эркин” (“moderately free”) давлатлар қаторидан жой олди.
Ўтган йилга нисбатан кўрсаткичи 2.3 банд яхшиланган Ўзбекистоннинг жорий кўрсаткичи 2026 йилги жаҳон ўртача даражаси – 59.9 баллдан юқори.
Айниқса, иқтисодиётимизнинг савдо ва инвестиция учун очиқлигини акс эттирувчи йўналишларда юқори натижага эришилган.
Республикамизнинг “Open Markets” мезонидаги “Trade Freedom” кўрсаткичи 80.6, “Investment Freedom” рейтинги эса 70.0 баллни ташкил этди:ҳар икки натижа мос равишда жаҳон ўртача даражаси – 70.2 ва 53.4 баллдан баланд. Демак, савдо ва инвестиция очиқлиги бугунги кунда иқтисодиётимизнинг энг кучли жиҳатларидан бирига айланган. Умуман, халқаро индекслардаги ижобий баҳо асосий молиявий ўсиш суръати билан ҳам тасдиқланади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, давлатимизнинг ташқи савдо айланмаси 2023 йилдаги 63.5 миллиард доллардан 2025 йил 81.2 миллиард долларга кўтарилди. Экспорт қиймати 24.9 миллиард доллардан 33.8 миллиард долларгача кўпайди. Асосий капиталга киритилган хорижий инвестиция ва кредит миқдори 2023 йилдаги 201.7 триллион сўмдан 2025 йил якунида 422.1 триллион сўмга етди. 2026 йил тезкор маълумоти ҳам ташқи иқтисодий фаоллик юқори суръат олганини кўрсатмоқда.
Хуллас, 2026 йилги “Index of Economic Freedom” натижаси Ўзбекистон нафақат рейтингдаги ўрнини яхшилаётгани, балки савдо, экспорт ва инвестиция фаоллиги бўйича ҳам барқарор ўсиш қайд этаётганини тасдиқлайди.
Г.Сатторова, ЎзА