Ўзбекистон – Хитой: ўзаро муносабатлар ва цивилизациялар уйғунлиги
Куни кеча диёримизнинг Пекин шаҳридаги элчихонасида “Ўзбекистон – Хитой: цивилизациялар мулоқоти ва умумий мерос” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ХХР етакчи музейлари, илмий муассасалари ва маданий ташкилотлари билан ҳамкорлигининг янги дастури тақдим этилди.
Мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилган йиғинда дипломатик корпус ва давлат идоралари ходимлари, етакчи музейлар раҳбарлари, илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари, археологлар, санъатшунослар, маданият арбоблари ҳамда икки ўлка экспертлар ҳамжамиятининг 200 нафардан ортиқ вакили иштирок этди.

Учрашувнинг асосий мавзуси Ўзбекистон ва Хитой ўртасида маданий меросни ўрганиш, асраш ва оммалаштириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланди. Томонлар қўшма музей кўргазмалари, археологик тадқиқотлар ва экспедициялар ташкил этиш, илмий нашр лойиҳаларини амалга ошириш, мультимедиа экспозицияларини яратиш, мутахассислар алмашинуви дастурлари ва таълим ташаббусларини ривожлантириш режаларини тақдим этдилар.
Шунингдек, Буюк Ипак йўли орқали шаклланган икки халқ ўртасидаги кўп асрлик алоқаларни акс эттирувчи тарих ва маданият ёдгорликларини аниқлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича қўшма ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

– Ислом цивилизацияси маркази аллақачон жаҳон аҳамиятига эга марказга айланди, -деди ШҲТ бош котиби ўринбосари Хан Сухэйл. – Ўзбекистонга нисбатан алоҳида меҳр туйғуси билан айтаманки, менинг энг яхши талабалик йилларим айнан шу мамлакатда ўтган. Шу боис, бу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг эзгу орзуси бўлганини яхши биламан. Унинг амалга оширилиши Янги Ўзбекистон барпо этиш ғоясининг моҳияти ва буюк цивилизациялар руҳини бутун дунёга намоён этди.
Тадбирнинг яна бир муҳим воқеаси сифатида элчихонамизда доимий фаолият юритувчи икки экспозиция очилди. Улардан бири ўлканинг замонавий тараққиётига бағишланган “Янги Ўзбекистон” фотокўргазмаси бўлса, иккинчиси юртимиз маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU)нинг Ватанимиз тарихи, маданий мероси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган илмий нашрларидан иборат китоблар кўргазмасидир.

– Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишиш имконига эга бўлган хитойлик делегациялар таъкидлаганидек, дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи экспозицияларида исломгача бўлган цивилизациялар, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик йўли жонли акс этган. Шу боис ҳам мазкур марказнинг Гиннесснинг рекордлар китобига киритилгани бежиз эмас, -деди Хитой Тарих академияси вице-президенти, Археология музейи директори Лю Гусян.
Анжуман якунида томонлар илмий ва маданий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қизиқиш билдириб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Хитой етакчи муассасалари билан ҳамкорлиги янги халқаро лойиҳаларни амалга ошириш ва икки мамлакат ўртасидаги гуманитар шерикликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.
Ў.Алимов, ЎзА