Ўзбекистон глобал меҳнат бозорининг фаол иштирокчисига айланмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Иқтисодиёт ривожланиб, турмуш даражаси ошиб бораётгани сабабли мамлакатимиз хорижлик фуқаролар учун ҳам жозибадор бўлмоқда. Бугун юртимизда узоқ муддат яшаётган чет элликлар сони 250 мингга яқинлашди.
– Биз бу йўналишда ҳам очиқлик сиёсатимизни давом эттирамиз. Айни пайтда ушбу масалада тартиб-интизом бўлиши керак, – деди Президентимиз.
Узоқ муддат яшаётган хорижлик фуқаролардан 36 минг нафари ишлашга рухсатнома олган, яна 24 минг нафари талаба. Давлатимиз раҳбари қолганлар нима иш билан шуғулланаётгани ва даромад манбалари ҳақида аниқ маълумот бўлиши шартлигини таъкидлади.
Ишлашга рухсат олганларнинг 80 фоизи қурилиш, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида юқори малака талаб қилмайдиган фаолият билан шуғулланмоқда. Ўз меҳнат бозорини ҳимоя қилиш ривожланган давлатларда ҳам кенг тарқалган амалиётдир. Президентимиз янги иш ўринларига биринчи навбатда ўзимизнинг фуқароларни жойлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга узоқ муддатга келган хорижлик фуқароларнинг яшаш ва иш жойини мониторинг қилиш платформасини бир ойда ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Йиғилиш давомида соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот қилинди, ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.
ЎзА