“Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқотида респондентларнинг 92 фоизи иқтисодий вазиятни ижобий баҳолаган
Бугун “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Жаҳон банки ҳамда Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” (L2CU) тадқиқоти натижаларига бағишланган “Яшил ва энергия тежамкор келажак сари йўллар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётга ўтиш, энергия самарадорлигини ошириш ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқотининг натижалари муҳокама қилинди.
Тадбир аввалида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётга ўтиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталди:
— Ўзбекистонда сўнгги йилларда энергетика соҳасига 35 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар жалб қилинди. 9 минг мегаватт янги қувватлар ишга туширилиб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ошди. Қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 30 фоизга етказилгани мамлакатнинг “яшил” трансформациясида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам энергия самарадорлигини ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Жумладан, Стратегияда иқтисодиётни “яшил” трансформация қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кескин ошириш кўзда тутилган. 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларининг жами генерациядаги улушини 54 фоизга, уларнинг умумий қувватини эса 25 минг мегаваттга етказиш мақсад қилинган. Бу энергетика соҳасини модернизация қилиш билан бирга, саноат, транспорт, коммунал хўжалик ва хизмат кўрсатиш тармоқларида янги технологик стандартларни жорий этишни ҳам англатади, — деди Э.Туляков.
Шунингдек, тадбирда Жаҳон банкининг етакчи иқтисодчиси Оберт Пимхидзай ва Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси сиёсий маслаҳатчиси Девид Перт ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг ҳолати, бунда иссиқлик ва энергия тизимларининг таъсири ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Миллий энергия самарадорлигини оширишда соҳа олимларининг тадқиқотлари, таҳлиллари муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Анжуманда Жаҳон банки ҳамда Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” (L2CU) тадқиқотининг сўнгги натижалари тақдим этилди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг катта иқтисодчиси Икуко Уочи ва банкнинг атроф-муҳит бўйича катта мутахассиси Елена Струкова Голуб хонимлар батафсил маълумот берди.
Қайд этилганидек, 2018 йилдан буён Ўзбекистонда ўтказиб келинаётган ушбу тадқиқот натижалари фуқаролар орасида энергия тежамкор технологияларга ўтишга қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатмоқда. 2025 йилда 4 минг 200 дан ортиқ уй хўжаликларининг фикрлари ўрганилган.
Шунингдек, тадқиқот давомида Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазият, ҳаво ифлосланишига нисбатан аҳоли муносабати ва жамоатчиликнинг бу борадаги фикрлари ҳам ўрганилган.
Хусусан, 1 минг 326 та уй хўжаликларида ўтказилган ижтимоий-иқтисодий вазият юзасидан ўрганишларда респондентларнинг 92 фоизи Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятни ижобий баҳолаган. Мамлакатда ялпи ички маҳсулот ҳажми йилдан-йилга ошиб бораётгани, камбағаллик даражаси қисқараётгани, халқаро миграция 2023 йилга нисбатан камайгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, бандлик шароитлари ва бизнес муҳити юзасидан ҳам умумий баҳолар ижобий бўлган. Инфляция суръатлари пасайган бўлиб, умумий истеъмол нархлари индекси йиллик ҳисобда 2025 йил март ойидаги 10,3 фоиздан 2026 йил март ойида 7,1 фоизга тушган. Камбағал аҳоли орасида озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар тарихий жиҳатдан паст даражада сақланмоқда, оғир шароитларга мослашишнинг кескин чораларидан фойдаланиш ҳолатлари эса ҳамон камлигича қолмоқда.
Тадбирда Энергия самарадорлигини ошириш бўйича давлат ташаббуслари ҳамда уй хўжаликларининг энергия тежамкорликка тайёргарлик даражаси масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, энергия самарадорлиги бўйича сўров натижаларига кўра, тобора кўпроқ уй хўжаликлари уни коммунал тўловларни камайтиришнинг муҳим йўли сифатида кўрмоқда. Бироқ молиявий тўсиқлар ҳамон асосий муаммо бўлиб қолмоқда — уй хўжаликларининг 61 фоизи қўшимча инвестиция киритмасликнинг асосий сабаби сифатида арзон ва қулай молиялаштириш имкониятлари етишмаслигини кўрсатган.
[gallery-29098]
Қувонарлиси, сўров натижалари мақсадли субсидиялар ҳамда энергия нархлари бўйича инновацион ахборот ва тарғибот ёндашувлари уй хўжаликларининг уй-жойни иссиқлик изоляцияси билан таъминлаш, энергия тежамкор маиший техника, қуёш панеллари ва бошқа шу каби янгилашларга инвестиция киритишга тайёрлигини сезиларли даражада оширишини кўрсатмоқда.
Тадбирнинг “Ҳаво ифлосланиши ва энергия самарасизлигига қарши курашиш — Ўзбекистонда ҳаёт сифатини яхшилаш йўллари” мавзусидаги асосий панель муҳокамаларида давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор вакиллари соҳадаги мавжуд муаммолар ва амалий ечимлар юзасидан фикр алмашди.
Муҳокамалар давомида яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнида энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш, жамоатчилик иштирокини кучайтириш зарурлиги таъкидланди, бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Муҳтарама Комилова,
Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА