Ўзбекистон делегацияси Кобулдаги халқаро кўргазмада қатнашади
Афғонистон Савдо ва инвестиция палатаси таклифига биноан 17–23 ноябрь кунлари Кобул шаҳрида “Имом Абу Ҳанифа — 4-миллий ва халқаро кўргазма ва савдо ярмаркаси” ташкил этилади.
Тадбирда “Made in Uzbekistan” миллий стенди билан иштирок этиш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигида тадбиркорлардан иборат юртимиз делегацияси ушбу мамлакатга етиб борди.
Мазкур кўргазмада иштирок этишдан асосий мақсад — қишлоқ хўжалиги, кончилик, энергетика, таълим, қурилиш, автомобилсозлик, соғлиқни сақлаш, туризм, тўқимачилик ва бошқа қатор йўналишларда фаолият юритаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини намойиш этишдан иборат.
Кўргазмада беш мингдан ортиқ компания – ҳам иштирокчи, ҳам ташриф буюрувчи сифатида Эрон, Қирғиз республикаси, Ҳиндистон каби мамлакатлардан келган тадбиркорлар иштирок этиши кутилмоқда.
Нарх тенденцияларига келганда, кўргазма доирасида махсус таҳлил майдончаси ташкил этилган бўлиб, унда компаниялар бозордаги янги шароитлар, рақобатчиларнинг таклифлари, ўртача экспорт нархлари ҳамда тўғридан-тўғри шартномалар учун мақбул баҳолар бўйича маълумот алмашиш имкониятига эга бўлади.
Тадбир доирасида B2B учрашувлар ҳам ташкил этилиб, тўғридан-тўғри бизнес музокаралар олиб бориш, янги шериклар топиш ва стратегик ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятини беради.
Б.Худойбердиев, ЎзА