Ўзбекистон банклари етти ойда 12,3 триллион сўм соф фойда олди
Марказий банкнинг маълум қилишича, Ўзбекистон банклари 2026 йилнинг январь–июль ойларида 12,34 триллион сўм соф фойда кўрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 68,1 фоизга, яъни қарийб 5 триллион сўмга кўп.
Эътиборлиси, банкларнинг етти ойдаги соф фойдаси 2023 йилдаги йиллик натижага деярли тенглашди. 2023 йилда банклар 12,38 триллион сўм, 2024 йилда 6,97 триллион сўм, 2025 йилда эса 15,5 триллион сўм соф фойда билан якунлаган. Демак, жорий йилнинг дастлабки етти ойида олинган фойда 2025 йилдаги бутун йиллик кўрсаткичнинг қарийб 80 фоизига етди.
Ойлар кесимида энг юқори натижа июнь ойида қайд этилди — 2,53 триллион сўм. Март ойида ҳам банклар 2,47 триллион сўм соф фойда олган.
Бироқ июль ойида бу кўрсаткич сезиларли пасайди. Банкларнинг июль ойидаги соф фойдаси 1,34 триллион сўмни ташкил этди. Бу июнь ойига нисбатан 1,19 триллион сўм ёки 46,9 фоизга кам. Шунга қарамай, июль натижаси 2025 йилнинг шу ойига нисбатан 62 фоиз юқори бўлди.
Июль ойидаги пасайишда харажатларнинг ўсиши муҳим омил бўлган. Хусусан, банкларнинг фоизсиз даромадлари июндаги 9,38 триллион сўмдан июль ойида 9,32 триллион сўмга тушган бўлса, фоизсиз харажатлар 3,05 триллион сўмдан 3,98 триллион сўмга ошган.
Операцион харажатлар ҳам 3,11 триллион сўмдан 3,34 триллион сўмга кўтарилган. Етти ойлик натижада банклар фойдасининг ўсишида фоизсиз даромадлар алоҳида ўрин тутмоқда. Январь–июль ойларида фоизсиз даромадлар бир йилда 40,6 триллион сўмдан 61,5 триллион сўмга кўпайди. Бу 51,5 фоизлик ўсиш демакдир. Фоизсиз ва операцион харажатлар ҳисобга олинганидан кейинги натижа ҳам 9,94 триллион сўмдан 20,97 триллион сўмга етди.
Айни пайтда фоизли даромадлар нисбатан секинроқ ўсган. Етти ойда улар 18,3 фоизга ошиб, 84,4 триллион сўмни ташкил этган. Фоизли харажатлар эса 22,1 фоизга ўсиб, 60,8 триллион сўмга етган. Банклар кредит, лизинг ва бошқа активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун ажратган маблағларни ҳам оширган.
Бундай харажатлар январь–июль ойларида 22,6 триллион сўмдан 30,5 триллион сўмга кўпайган. Бу бир йилда 35,1 фоизлик ўсишни англатади. Шунга қарамай, даромадларнинг юқори суръатларда ўсиши банкларнинг умумий соф фойдасини қарийб 5 триллион сўмга ошириш имконини берган.
Шу билан бирга, фоизсиз даромадларнинг кескин ўсиши айнан қайси манбалар ҳисобига юзага келгани, июль ойида айрим харажатлар нима сабабдан кўпайгани умумий кўрсаткичларда тўлиқ очиб берилмаган. Шунинг учун банклар фойдасидаги ўсишнинг барқарорлигини баҳолашда фоизсиз даромадлар ва харажатлар таркибини чуқурроқ таҳлил қилиш муҳим.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА