Ўзбекистон-АҚШ: минерал ресурслар соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Мамлакатимизда минерал ресурслардан самарали фойдаланиш, мураккаб таркибли рудаларни чуқур қайта ишлаш ва соҳага замонавий технологияларни жорий этиш муҳим вазифалардан саналади. Бу борада халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш тармоқнинг барқарор ривожланиши, янги ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашда амалий натижа беради.
Шу мақсадда Минерал ресурслар институти делегацияси АҚШнинг Стемфорд шаҳрида жойлашган “Syensqo” илмий-тадқиқот марказида хизмат сафарида бўлди. Ташриф доирасида икки томон вакиллари мураккаб углеродли рудалар, критик минерал хомашёни флотация усулида қайта ишлаш, янги авлод реагентларидан самарали фойдаланиш ҳамда инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувлар чоғида соҳада илғор халқаро тажрибани ўрганиш, илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва технологик жараёнларни янада такомиллаштириш бўйича фикр алмашилди. Айниқса, мураккаб таркибли минерал хомашёни қайта ишлаш самарадорлигини ошириш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хизмат сафари давомида Ўзбекистон мутахассислари флотация жараёнлари, реагентларни танлаш ва технологик параметрларни оптималлаштириш бўйича малака оширди. Шунингдек, улар замонавий лаборатория шароитида ўтказилган амалий синовларда иштирок этиб, соҳада қўлланилаётган энг сўнгги илмий ёндашувлар билан яқиндан танишди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизматининг қайд этишича, мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон минерал ресурслар тармоғини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш ва соҳанинг халқаро рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА