“Ўзбекгидрогеология”га замонавий ўлчов қурилмалари топширилди
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги раҳбарияти ҳамда “Caritas Switzerland” компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
“Ўзбекистоннинг Зарафшон дарёси ҳавзасида иқлимга бардошли интеграциялашган сув ресурсларини бошқариш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мулоқотда томонлар сув ресурсларини барқарор бошқариш, ер ости сувларини муҳофаза қилиш ҳамда соҳада илғор ёндашувларни жорий этишда халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлади.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур лойиҳа Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. У иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, Зарафшон ҳавзасида ер ости сувлари ҳолатини замонавий технологиялар асосида аниқ кузатиш ва илмий таҳлил қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Учрашув доирасида “Ўзбекгидрогеология” давлат муассасасига Зарафшон дарёси ҳавзасида ер ости сувлари ҳолатини кузатиш, мониторинг жараёнларини автоматлаштириш ҳамда гидрогеологик моделлаштириш ишларини амалга оширишга мўлжалланган замонавий ўлчов қурилмалари расман топширилди.
Шунингдек, томонлар лойиҳанинг 2026-2027 йилларга мўлжалланган устувор вазифаларини белгилаб олиб, ҳамкорликнинг кейинги босқичларини аниқлаштирувчи “Йўл харитаси”ни имзолади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА